Халқнинг юрагидан жой олмоқ бахтдир
Гарчи адабиёт инсон кўнглидан кечган туйғулар, ўз хаёлот дунёсига сайру саёҳат маҳсули ҳисобланса-да, аммо у туфайли уйғонувчи тафаккур, интилиш, истаклар бу оламга биринчи ўринда эзгулик етказувчи энг олий восита сифатида қадрли. Чунки адабий олам сарҳадлари ҳеч қачон маълум бир замон, тузум, урф-одат ёки иқтисодий шароит каби омиллар билан чегараланиб қолмайди. Бадиий асар ижодкорнинг бу очун ҳақида тасаввурлари, кечинма, хулоса, шукри ёки инкорининг энг жозибали ва улуғ бир кўриниши сифатида намоён бўлади. Ҳар қандай тараққиёт эзгу орзу-ниятлар ижобати сифатида дунёга келади. Албатта, бу юксалишда мутолаа маданиятининг алоҳида ўрнини таъкидламоқ жоиз. Шу боис бетакрор ҳаётимиз давомида адабиётнинг борлиги ва бўлмоғи барчамиз учун муҳимдир.
Халқимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ўзлигини намоён этиб, бугунги миллий адабиётимиздаги жараёнлар ва яратилаётган янгидан янги асарлар учун улкан майдон вазифасини ўтаб келаётган “Шарқ юлдузи” журналининг ҳар бир саҳифасини варақлаб ижодкорларнинг олам, одам ҳақидаги тасаввурларидан тортиб, инжа кузатувларини салафлардан фарқли тарзда ифодалашга ҳаракат қилаётганига гувоҳ бўлиб, аксарият асарларда башарият, ватан, эл-юрт олдидаги масъулият туйғулари ҳам бадиий, ҳам тасвир тамойиллари жиҳатидан илгариги қолиплардан холи бўлиб бораётгани ўзига хос янги адабий давр бошланганидан далолат бераётгандек. Бу жараёнлар гувоҳи бўларканмиз, бугунги ўзбек миллий адабиёти ўз турфалиги, бор жило ва жозибасини чинакамига намоён эта олаётганидан қониқамиз ҳам.
Шу маънода ҳар бир сонида халқимизни биринчилардан бўлиб энг сара янги асарлар билан ойма-ой таништириб келаётган “Шарқ юлдузи” журнали ўтган 2025 йил давомида ҳам сезиларли ютуқларга эриша олди, деб ўйлаймиз.
Жумладан, ўзбек шеърияти, насри, адабий танқидчилик ва тадқиқотчилиги фондини бойитишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ушбу нашр саҳифалари орқали биргина ўтган йил сонларининг ўзида “Барҳаёт сиймолар”, “Дурдона”, “Унутмас мени боғим”, “Наср”, “Назм”, “Мушоира”, “Ёшлар ижоди”, “Болалар дунёси”, “Булоқ кўз очди” каби рукнлар остида 150 га яқин муаллифнинг ижод намуналари эълон қилинди. Йил давомида муштарийлар ўзбек шеърияти дарғаларидан тортиб, юртимизнинг миллионлаб шеърият мухлислари қалбидан ўрин эгаллаган, бугунги кунда ҳам фаол ижод қилиб келаётган шоир ва шоиралар, ўз овози ва айтар сўзига эга ёш иқтидорлар ижоди билан яқиндан танишиб бордилар. Уйғун, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Али, Абдулла Шер, Мирзо Кенжабек, Йўлдош Эшбек, Эшқобил Шукур, Авлиёхон Эшон, Ҳалима Аҳмад, Хосият Бобомуродова, Мунаввара Усмонова, Фахриёр, Салим Ашур, Дилором Эргашева, Ойгул Суюндиқова, Ойдиннисо каби шоир ва шоиралар ижодидан баҳраманд бўлдилар. Қувонарлиси, халқона тилда “отахон нашр” деб улуғланувчи “Шарқ юлдузи” айнан шу йилда ёшлар орасида янада оммалашди. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Ёшлар ижодига ҳамиша катта эътибор қаратиб келган таҳририят қошида ташкил этилган ёш ижодкорлар адабий тўгараги қисқа фурсат ичида ўз бағрига юртимизнинг иқтидорли йигит-қизларини жамлади. Бу ёшларнинг янгича садо ва теран мушоҳадали ижод намуналари машғулотларда устоз ижодкорлар томонидан таҳлил этиб борилди. Асл адабиёт шайдолари билан мунтазам тарзда турли мавзулардаги адабий мунозаралар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари, мушоиралар ўтказиб турилгани беиз кетмади. Бу тўгаракнинг фаол аъзоларига айланган ўнлаб умидли ва иқтидорли ёш ижодкорлар кашф этилиб, уларнинг илк асарлари журналхонлар эътиборига ҳавола этилди. Адабиёт майдонига дадил қадам қўйган бу ёшларнинг ижод намуналари қисқа муддат ичида кўплаб шеърият ва наср мухлислари қалбидан муносиб ўрин эгаллай олганини эса таҳририят манзилига келган қатор мактублар, ижтимоий тармоқларда уларга нисбатан билдирилган шарҳлар, фикр ва изоҳлар орқали ҳам кузатиш мумкин. Ўзбек шеъриятида ўзига хос овоз ва ўз айтар сўзига эга ёш шоирлардан Жалолиддин Саййид, Жонтемир, Шоҳсанам Нишонова, Равшан Ҳақмурод, Ферузшоҳ, Гўзал Шарипова, Нажмиддин Эрматов, Муҳаммадали Ғаффоров, Жамолиддин Бадалов, Суҳроб Зиё, Муҳаммад Сиддиқ, Юлдуз Ўрмонова, Раҳмат Бобожон, Гулҳаё Анорова каби ёшларимиз ижоди кўпчилик учун ўзига хос янгилик, адабиётимиз келажагига ажиб умидворлик бахш эта олди, десак бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда” деб айтган сўзларидан илҳомланган таҳририят ижодий жамоаси 2025 йил давомида халқимизнинг мутолаа маданиятини янада ошириш мақсадида жойларда кўплаб адабий учрашув ва китобхонликка тарғибот тадбирларида фаол иштирок этди. Шу билан бирга адабий майдондаги энг долзарб ва нозик масалалардан бири бўлиб қолаётган болалар ижодиётини ривожлантириш ҳамда ёш китобсеварлар сонини кўпайтириш мақсадида мунтазам равишда “Болалар дунёси” рукни остида журналимизнинг кичик мухлислари учун ҳам сара шеър, ҳикоя ва эртаклар чоп этиб борилди.
Журналнинг ўтган йилги сонларининг “Наср” рукнида ўзига яраша анчайин сермаҳсуллик кузатилди. Йил давомида “Шарқ юлдузи” нинг 12 та сони орқали жами 6 та роман, 5 та қисса, кўплаб ҳикоя, белканто, новелла, 3 та драма, киноқисса, бир нечта ҳажвия, туркум ҳангомалар, қатра ва бадиҳалар дунё юзини кўрди. Барчаси ўзига хос ва мураккаб, бадиий жиҳатдан бой бу асарлар аввал муҳаррир, кейин бўлим мудири, сўнг бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир томонидан синчиклаб кўздан кечирилиб, обдан сайқалланиб, журналхонлар эътиборига тақдим этиб бориларкан, буларнинг барчасида таҳририят ижодий жамоасининг катта ҳиссаси борлигини ҳам қайд этиш лозим. Айни пайтда таҳририят ходимлари жўшқин адабий жараёнда фаол ижод қилиб келаётган адиб ва шоирларимиз билан ҳар доимгидан-да яқинроқ ҳамкор, ҳамнафас бўлишлари лозимлигини давр тақозо этмоқда. Ўзбек адабиётида яратилган жаҳон миқёсида ҳодиса бўла оладиган янги асарлар энг аввало мамлакатимиз ижодкорларининг асосий минбари – “Шарқ юлдузи” журнали саҳифаларида эълон қилиниб боришига эришишимиз лозим. Бу узоқ йиллик анъана сифатида бугун ҳам нашр ва асар мавқеини белгилаб берадиган ёндашув эканини яхши биламиз.
Хабарингиз бор, 2025 йил якунида атоқли адиб Хайриддин Султоннинг юртимиз тарихидаги воқеликлар юксак маҳорат билан бадиий ҳақиқатга айлантирилган, жадид ота-боболаримиз фикр ва қарашлари санъаткорона ифодаланган, сюжети жозибали тилда янада қизиқарли чиққан “Ялдо кечаси” романи тўғридан тўғри китоб ҳолида нашр этилиб, ўзбек адабиёти оламида катта шов-шув, улкан воқеликка айланди. Таҳририят фавқулотда юксак адабий эътирофларга сазовор бўлган мазкур асар ҳақида таҳлилий мақола сўраб таниқли адабиётшунос олимларимизга мурожаат қилди. Роман мазмун-моҳияти чуқур очиб берилган мақола журналхонларимиз эътиборига ҳавола этиш учун тайёрлаб қўйилди.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2025 йил 1-сонида чоп этилган таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр” қиссаси ҳам нафақат адабий доиралар, балки кенг жамоатчилик ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани ҳам бугунги ўзбек адабиёти эришган ютуқлардан бири дейиш мумкин.
Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ҳақидаги ушбу қисса борасида ҳозирга қадар давом этиб келаётган баҳс ва мунозараларни муҳокама қилишдан йироқ бўлган ҳолда айта оламизки, журналимиз эшиклари услубий баркамол ҳар қандай ижод намунаси учун ҳамиша очиқдир. Муҳими, адабиёт шайдоларининг журналимиз саҳифалари орқали яхши асар билан танишиши ва улар тафаккурида фикрий тебранишлар юзага келиши ижобий адабий ҳодиса эканига иқрор бўламиз.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр” қиссаси юзасидан мунаққид Мусулмон Намоз томонидан ёзилган муфассал таҳлил, ёш ёзувчи Фаррух Жабборов ташаббуси билан муаллиф иштирокида бу асар муҳокамасига бағишланган адабий клуб ташкил этилгани, қолаверса, журналимизнинг кўп сонли ўқирманлари талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда таҳририят қошида фаолият юритаётган “Шарқ юлдузи” ёш ижодкорлар адабий клубида таниқли ёзувчи, мунаққидлар, тадқиқотчи ва адабиёт мухлислари иштирокида “Қаҳр” асари муҳокамасига бағишланган адабий кеча ташкил этилди. Бундай учрашув ва мунозаралар эса халқимизнинг адабий жараёнларга асло эътиборсиз эмаслиги, ўзбек адабиёти ўтмиши, кечаси, бугуни ва эртаси кўпчилик учун Ватан шаъни каби азизлигини англатади ва беихтиёр бу ҳолатдан қалбимиз ғурурга тўлади. Назаримизда, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр” қиссаси тафаккуримиздаги айнан шу тушунчаларни уйғота олди. Буни ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган, бир-биридан фарқланувчи ва ҳатто зид бўлган қатор шарҳлар ва қизиқарли таҳлиллардан ҳам англаш мумкин. Энг муҳими, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳажман кичик бу асари ёзувчи тақдим этган фикрнинг мураккаблиги ва залвори билан замондошларимиз учун ўзига хос мурожаат ва мужда бўла олди.
Умуман, ўтган йил давомида “Шарқ юлдузи” саҳифаларида ёритилган йирик асарларнинг деярли барчаси, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ўзбек насри олдинга қараб нафақат олға қадам, балки катта ва жасур қадам ташлаганига исбот бўла олди, десак муболаға эмас.
Журналнинг 2025 йил 6-сонида чоп этилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Момақалдироқ остида сайр” романи ўтган асрнинг 90-йилларида рўй берган кескин сиёсий ўзгаришларни Ойравшан тақдири мисолида кўз олдимизда жонлантирган бўлса, Рисолат Ҳайдарованинг туркий халқлар тарихининг ёрқин вакиласи бўлган Суюмбика тақдиридан ҳикоя қилувчи “Суюмбика” романи тарихий феномен даражасига кўтарилган асар сифатида эътироф олди. Иқтидорли адиб ва шоир Талант Толерантнинг “Панжшер қўшиғи” белкантоси, Маъмура Зоҳидованинг “Тўқилмаган эртак”, Нортўхта Қиличнинг “Қисмат жанги” романлари эса мавзу ва услуб, кўзда тутилган давр воқеа ва ҳодисаларга муносабат жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ қилса-да, ўзига хос жозибаси ва сарҳадсиз, мураккаб туйғулар ифодаси билан кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳаёт ҳар қанча гўзал бўлмасин, унинг машаққатли, оғир ва уқубатли дамлари ҳам бисёрдир. Инсон мана шу даврдан қандай чиқиши, боши узра турган оғир синовларни қай тарзда енга олиши ва бошқа муҳим ҳаётий сўроқлар, жумбоқларга жавоб топиб, кашф, таскин ҳамда ишонч туйғуларига қай тарзда эриша олади? Журналнинг 2025 йил 2-сонида Назир Сафаровнинг “Деҳибаланд”, 4-сонида Ҳожиакбар Шайховнинг “Нотинч хонадон” асарини, Алиқул Хонимқуловнинг “Ит” (2-сон), Қўчқор Норқобилнинг “Кўл қаъридан қайтган муҳаббат” (3-сон), Хурсанд Алининг “Турон йўлбарси”(4-сон) ва Абдунаби Ҳамронинг “Армон қўшиғи”(9-сон) каби қиссаларини ўқиркансиз, беихтиёр ана шундай чуқур мулоҳазаларга борасиз.
Шу билан бирга Ҳабиб Абдуназарнинг “Шумғия”, Гулноза Тожибоеванинг “Урушнинг сўнгги куни” (1-сон), Муҳаббат Йўлдошеванинг “Қирмизи олма”, Замира Иброҳимованинг “Алишер ва меҳмон чумоли” (2-сон), Абдурауф Муродийнинг “Ўзбек амаки”, Азиз Несиннинг “Соатингиз неча бўлди?” (3-сон), Илёс Топдиқнинг “Кучли бола” (4-сон), Нормурод Норқобиловнинг “Оғайнилар”, Саломат Вафонинг “Тери устидаги ит”, Холиёр Сафаровнинг “Хизрни йўқотган одам” (5-сон), Қулман Очилнинг “Дераза олдидаги аёл”, Алланазар Абдиевнинг “Туятовуқ” (6-сон), Шуҳрат Маткаримнинг “Бу яхши эмас”, “Булбул”, Шодиқул Ҳамронинг “Бармоқлар”, Тинибек Меманалиевнинг “Ардақ”, Лулуа Халаф Ал-Беналининг “Бўрилар оралаб”, Муҳаббат Ҳамидованинг “Ўрикнинг ибрати”, “Меҳр”, Улуғбек Мустафонинг “Новча қизнинг ютуғи”, Жўра Фозилнинг “Муҳаббатнинг ялдо туни”, Музроб Бўроновнинг “Одамгарчилик”, Умид Холлиевнинг “Қайғу” (8-сон), Обид Қўлдошнинг “Мағлубият”, Шодия Умрзоданинг “Бўйноқ” (9-сон), Мирзапўлат Тошпўлатовнинг “Майдон”, Наби Жалолиддиннинг “Ғайбулик уч оға-ини”, Абдукерим Муротовнинг “Қуёш опа” (10-сон), Рифа Раҳмоннинг “Вориснинг отаси” (12сон) каби кўплаб ҳикоялар ҳам “Шарқ юлдузи” саҳифалари орқали муштарийлар қалбидан ўрин эгаллай олдики, уларнинг аксарияти юзасидан таҳририят манзилига келаётган ёзма таассурот ва эътирофлардан, бу мулоҳазаларнинг “Мутолаа” рукнида журналда эълон қилиб борилганида ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси нашримиз фаолиятда ўқувчилар оммаси билан нақадар чамбарчас алоқада эканлигига далолатдир.
Журналнинг 2025 йил 4-сонида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг 1990 йилда биринчи қисми театрда саҳналаштирилган, аммо ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган ва архив ҳужжатлари ичидан излаб топилиб, қайта тикланган “Зиёфат” икки пардали драмаси илк бор “Шарқ юлдузи”да тўлиқ эълон қилинган бўлса, 5-сонда Фармон Тошевнинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, 9-сонда Усмон Азимнинг “Адолат фасли” драмалари чоп этилди. Ишонч билан айта оламизки, бу драмалар миллий адабиётимизнинг мулки бўлиб қоладиган, ҳам мавзу, ҳам бадиият жиҳатидан ниҳоятда қимматли асарлардир.
Журналнинг “Барҳаёт сиймолар” рукни билан марҳум устоз адиблар, шоирлар, адабиётшунос олимларимиз ҳаёти ва ижодига оид хотира, таҳлиллар билан бирга ҳали эълон қилинмаган асарлари, ҳаётнинг турли лавҳалари акс этган суратлари, таҳририят эҳтироми билан бирга, қутлуғ ёшларини қарши олаётган замондош фидойи ижодкорларимиз ҳақида ҳам махсус сонлар чиқарилди. Ўтган йил ушбу хайрли ва эзгу анъанага содиқ қолган ҳолда Эргаш Жуманбулбул ўғли, Уйғун, Назир Сафаров, Йўлдош Эшбек, Ҳожиакбар Шайхов, Шавкат Раҳмон ижодидан намуналар, улар ҳақида мақолалар эълон қилинди.
Журналимизнинг 9-сонида “Академнашр” нашриёти томонидан “Излам” туркуми доирасида китоблари чоп этилган 20 дан зиёд ёш ижодкор китобларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида олимлар, шоир, ёзувчилар томонидан ёзилган мақолалар тўпланиб, эълон этилди. Назар Эшонқулнинг “Излам” туркуми жамият олдига қандай саволларни қўйди?”, Нурбой Жабборовнинг шоира Мадина Норчаеванинг бир шеъри ракурсида унинг ижоди таҳлил этилган “Оналар уйғонса – уйғонар миллат”, шоира Гулноз Мўминованинг ёш ижодкор Феруза Хайруллаева шеърлари ҳақидаги “Ботиндаги қаҳрамон”, шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг шоира Тилланисо шеъриятига доир “Бадбинликка ўхшаш эркалик” мақолалари, ёш мунаққид Шоҳрух Мўминзоданинг шоир Муҳаммад Сиддиқ шеърлари ҳақидаги “Соғинч суратлари” изланиши, устоз шоир Хуршид Давроннинг Жонтемир шеърияти ҳақида “Қўрқувнинг асл номи масъулият”, олим ва адиб Илҳом Ғанининг “Холислик ва бадиийлик мезонлари” каби мақолалари шулар жумласидандир.
Минҳожиддин Мирзонинг академик шоир Ғафур Ғулом ижодига бағишланган “Ғафур Ғулом шеъриятида миллий ўзлик”, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраевнинг “Авесто” ва қадриятлар силсиласи”, филология фанлари доктори, профессор Адҳамбек Олимбековнинг Сўна Аббосали қизининг “Сўз хоқони” романи ҳақидаги “Асл халқоний шоир”, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Ғиёсиддин Шодмоновнинг “Фурқат лирикасида сўфиёна талқинлар”, профессор Рустам Абдуллаевнинг “Нодир манба”, таниқли шоир Вафо Файзуллоҳнинг “Мен бугун – китобман” каби мақолалари ҳам эълон қилинди. Атоқли шоира Қутлибека Раҳимбоеванинг Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Мунаввара Усмонова ижоди ва ҳаётига бағишланган “Менинг Мунаввара синглим” каби таҳлилий, тадқиқий мақолалар кўпчиликнинг эътирофини қозонди. Журналда чоп этилган Қурдош Қаҳрамоновнинг “Ҳикматларга йўғрилган туйғулар” рисоласи, филология фанлари доктори, профессор Адҳамбек Алимбековнинг “Ҳайрат излаган шоир”, филология фанлари номзоди, олима Салима Жумаеванинг “Тағаззул жозибаси” каби мақолалари эса муштарийларга ўзбек шеъриятининг нақадар серқирралиги, жанрлар, шакллар ранг-баранглигини яна бир бор эслатди. Ёш тадқиқотчи Достонбек Аҳмадов “Бадиий таржима кенгликларида” мақоласида кейинги йилларда ўзбек тилига таржима қилинган асарлар ҳақида муфассал фикр билдирган. Таниқли шоир, олим, доцент Тоҳир Қаҳҳорнинг “Низомий болидан бол яратиш” мақоласи адабиётшунослигимизнинг гўзал намунаси ўлароқ ўз қамрови ва фалсафийлиги билан журналхонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг 75 йиллигига бағишланган “Сўздан тақдир қурган ижодкор”, адабиётшунос олим Дамин Тўраевнинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ижоди атрофлича таҳлил этилган “Давр қаҳрамонлари қиссаси”, филология фанлари доктори Сувон Мелининг Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Ориповлар ижодидаги буюк ғоялар ҳақида батафсил сўз юритилган “Адабий бирликдаги муҳим зидликлар”, таниқли шоир Ғайрат Мажиднинг Ҳамид Олимжон ижодига янгича назар ташлашга ундовчи “Ўз коиноти бор шоир” каби мақолалар ҳам журналимиз саҳифаларида эълон қилинди.
Нашримизнинг ҳар бир сони муқовалари Ўрол Тансиқбоев, Жавлон Умарбеков, Акмал Нур, Ортиқали Қозоқов, Дилшод Эрматов, Эркин Жўраев, Дилором Мамедова каби машҳур рассомлар асарлари билан ҳам безатиб борилгани эса ҳар бир муштарий қалбига ўзига хос ранг, тафт ва ёрқинлик бағишлаб, кўнгилларни равшан эта олди деган умиддамиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Адабиёт – халқнинг юраги” дея бежиз таъкидламаган. Бу гапнинг нақадар тўғрилигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Чунки бугунги кунда салкам бир асрлик тарихга эга “Шарқ юлдузи” журнали ўзбек миллий адабиёти, санъати ва маданияти ривожида ўзига хос ўринга эга эканлиги аксарият мактаб, коллеж, техникум, олий ўқув юрти кутубхоналарига миллий ғоямиз ва маънавиятимизнинг асосий тарғиботчиси сифатида етиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Умуман олганда, адабиётнинг инсонлар онг-тафаккурини теранлаштириб, қалбига гўзал эзгу ниятларни жойлайдиган сарчашма эканлигини унутмаган ҳолда бугунги моддий манфаатлар, узлуксиз ахборот ва янгиликлар, интернет олами ва ёшларни борган сари асл ҳаётдан узиб қўяётган виртуал олам таъсири кучайган бир даврда “Кўпроқ китоб ўқинг!”, “Шарқ юлдузи” журналини кузатиб боринг!”, “Наҳотки шундай кучли асарни ҳали ҳам мутолаа этмадингиз?” каби саволлар, минг афсуски, ҳатто эриш ҳам туюладиган даврни бошдан кечираётганимизни ҳам тан олмай илож йўқ. Чунки бу ҳақиқатни ҳеч қандай баландпарвоз гаплар билан яшириб ҳам, инкор этиб ҳам бўлмайди. Аммо унутмайликки, биз инсонларга хос бир жиҳат, соғинч, эҳтиёж ва таскин борки, уни юракдан ситиб чиқариш мушкул. Бу, албатта, мутолаа ва адабиётга меҳр қўйганлар каби кўнгил соҳибларига тегишлидир. Бундай инсонлар ҳар бир мутолаадан кейин ўзи истаган таскинни топади, адабиётнинг кучини, завқини ҳис этади.
Бунга мисол тариқасида ўзим бевосита гувоҳ бўлган бир неча ҳолат ҳақида изнингиз билан тўхталиб ўтсам.
Бухоро вилоятининг Вобкент туманида бир яқинимизнинг тўйига пойтахтдан ташриф буюрган машҳур санъаткор даврани қизитиб, анчагина куйлаб, шодиёнага завқ бағишлагач, бироз чарчади чоғи, давра аҳлига мурожаат қилиб: “Мана шўх ашулалар эшитиб, мазза қилиб рақсларга тушдингиз. Энди бу наво завқини назм мусобақаси билан безаб, шеърхонлик мушоирасини бошласак, розимисиз?” деб қолди. Ҳофизнинг бу таклифидан бошқаларни билмадим-у, лекин ўзим анчайин гангиб қолдим. Негадир ҳозирданоқ юзим қизиб, бошим хам бўлди: “Эҳ, ҳофиз! Ҳозир одамлар шеърхонлик нималигини билармидилар? Бундай мушоиралар аллақачон ўтмишга айланган-ку...” деган ўкинч ичимни тимдаларди. Ва шу пайт ўртароқдаги даврадан кимдир қўл кўтариб, ўрнидан турди ҳамда қироату шижоат билан Абдулла Орипов шеърини ёд айта кетди. Унинг бу чиқишини олқишлаш учун чалинган қарсаклар тугашга улгурмай, бошқа кимдир ўрнидан адл қўзғолиб, Эркин Воҳидовдан шеър бошлади. Кейин Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Махтумқули шеъриятидан намуналар устма-уст, узилишларсиз катта тўй саҳнининг ҳали у, ҳали бу бурчидан шундай янграй бошладики, одамлар келин-куёвни ҳам, тўйни ҳам ва ҳатто бу ташаббусни бошлаган ҳофизни ҳам унутган тарзда завқ ва шавқ билан шеърхонлик қилардилар. Бундай гўзал ҳолат гувоҳи бўлган каминанинг қалбидан бу сафар қандай ўйлар ўтганини эса ўзингиз тасаввур этинг энди.
Яна бошқа сафар эса Жиззахга бир ижодкор дўстимизнинг фарзандлари никоҳ базми шодиёнасига бордик. Албатта, тўйга тўёна билан бирга “Шарқ юлдузи” журналининг барча сонларини ҳам келин-куёвларга маърифат ҳадяси сифатида келтиргандик. Энг қизиғи, бу совғани келин-куёв учун топшираётган чоғда тўйдаги меҳмонлар мисли ёмби топган каби журнални қўлма қўл олиб варақлаб, яна борми деб сўрашарди. Тезда уловда қолдирилган бошқа журналларни ҳам келтириб, етганича барчага улашдик. Юрагимиз ғурурга тўлди. Кўринг! Нақадар адабиётсевар халқимиз бор! Айтганча, “Шарқ юлдузи” журналлари тўпламини қўлга олишга ҳам улгурмай, меҳмонларнинг бу нашрга меҳрини самимий ҳавас билан кузатиб қолган келин-куёвларимизни ҳам унутмадик. Эртасигаёқ журналимизнинг турли сонлари ва янги чиққан китоблар тўпламларини жамлаб, қайтадан совға тайёрлаб, ёшларнинг қўлларига етказдик.
Буларнинг барчасидан кўринадики, “Шарқ юлдузи” таҳририяти жамоаси ва журналимиз билан домий адабий ҳамкорлик қилиб келаётган устоз адиблар, шоирлар, мунаққид, санъатшунос, ёш ижодкорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли нашримиз юртимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам интиқлик билан кутилаётир, завқ билан ўқилмоқда, эълон қилинган асарлар одамларни мушоҳадага чорлаб, улар тафаккур оламини кенгайтиришга ҳисса қўша олаётир. Бундан ғурурланмаслик мумкинми?
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жорий йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили деб эълон қиларкан, маҳаллаларга 10 миллион нусхада китоблар етказиб бериш ташаббусини олға сурди. Ҳар йили бир неча ўнлаб китобларни ўзида жам қилиб чиқараётган “Шарқ юлдузи” журнали ҳам ана шу китоблар қаторида бўлишига ва мактабларимиз воситасида маҳаллаларимизга, демакки, халқимизнинг кенг қатлами қўлига етиб боришига ишончимиз комил.
Академик ёзувчимиз, устоз Ойбек айтганидек, “Адабиёт – фикр оммаси, қалб ҳислари билан доимо сайқалланадиган, тўхташни билмайдиган, борган сари, ҳамиша нурланиши, чақнаши ошиб борадиган бир соҳа”ки, у ҳар биримизнинг юрагимиз, ич-ичимиз, маънавий дунёмизда барқарор яшамоғи керак. Умид қиламизки, бундан кейин ҳам “Шарқ юлдузи” журнали миллий адабиётимиз янгиликлари, халқимиз суйган юксак истеъдод эгаларининг асл ижод намуналарини ёритиб боришдек улкан, шу билан бирга масъулиятли вазифасини сидқидилдан бажаришда давом этади, сиз азиз муштарийларимиз қалбидан муносиб ўрин эгаллаб, доимо эътиборингиз ардоғида бўлиб қолади.
Сирожиддин РАУФ,
“Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири