Халқни зиёга чорлаганлар
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида "Жадид маърифатпарварларининг миллий таълим, матбуот, адабиёт ва санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси" мавзуида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Халқимизни маърифат, илм ва зиёга даъват этиш, таълим ва тарбия ишларини янада такомиллаштириш, мустабид тузумнинг бор иллат ва камчиликларини рўй-рост фош этишда маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ҳиссаси беқиёсдир.
Олимларнинг фикрича, XIX аср охири - ХХ асрнинг бошларида сиёсий, маданий, иқтисодий жихатдан инқироз ҳолатига тушиб қолган, мусламлака туфайли ривожланиш паст даражада бўлган ўлкада Туркистон зиёлилари чор Россиясининг мустамлакачилик зулмидан қутулиш, ўз миллий давлатчилигини тузиш, иқтисодий ва маданий тараққиётга йўл очиш, халққа зиё тарқатиш чораларини кўрди. Бу борада жадидчилик ҳаракати катта роль ўйнади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида онлайн тарзда ташкил этилган анжуманда таъкидланганидек, жадидчилик мустамлакачиликка қарши миллий демократик ҳаракат бўлиб, у ўша даврги қолоқ иқтисодий, ижтимоий ва маданий шароитда яшаётган халқларни маърифатга ошно этиш, жамият ҳаётида ижтимоий ва маданий ислоҳотлар ўтказиш, пировардида миллий мустақиллик ғояларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадини ўз олдига қўйган эди.
Туркистонда жадидчилик ғоялари XIX асрнинг 90-йилларидан ёйила бошлади. Бу ҳаракат ХХ асрнинг 30-йиллари охирларигача ўлка ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнади.
Aнжуманда таниқли жадидшунос олимлар – Наим Каримовнинг "Беҳбудий – жадид театрининг асосчиси", Шуҳрат Ризаевнинг "Жадид драматургиясининг шаклланиши ва тараққиёт хусусиятлари", Ҳамидулла Болтабоевнинг "Мунавварқори Aбдурашидхонов маърифатпарвар адиб ва Туркистон халқ дорулфунуни ташкилотчиси", Баҳодир Каримовнинг "Aбдулла Қодирий ва жадидчилик", Нурбой Жабборовнинг "Жадид адабиётида бадиий тафаккур янгиланишлари" мавзусидаги маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга, Раҳматилла Баракаевнинг "Aбдулла Aвлонийнинг “Усули жадида” мактаблари учун ёзган дарсликлари ва болалар адабиёти", Олим Тўлабоевнинг "Тошкент адабий муҳити ва жадидчилик", Зайнобиддин Aбдурашидовнинг "Маҳмудхўжа Беҳбудий ва адабий тил масаласи", Сайёра Ҳалимованинг "Убайдулла Aсадуллахўжаевнинг ўзбек миллий матбуоти тарихидаги ўрни" каби маърузалари янгиликларга бойлиги билан аҳамиятли бўлди.
Aнжуманда жадидчилик ҳаракатига оид ёшларнинг кўплаб саволларига батафсил жавоб қайтарилди. Бу каби тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА