Халқимизнинг ғурури сенда акс этган
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Шу боис, байроғимиз, гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадимги турклар тупроққа ботирилган тирговучларнинг учига қабилаларнинг рамзи сифатида матолар ёки иплар осарди. Вақт ўтиши билан бу “Тупроққа ботирилган ёғоч” “тўлқинланган давлат рамзи”га айланади. Аввал байроқлар фақатгина хабарлашиш, сигнал бериш каби мақсадларда ишлатилган. Мамлакатлар ўз байроқларига эга бўлишлари эса, ўрта асрларда урушларда икки тараф бир-биридан фарқланмоқ учун байроқ ишлатилган. Шундай қилиб ҳар бир мамлакатнинг ўз байроғи пайдо бўла бошлаган.

Соҳибқирон Амир Темур салтанатида адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари – туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради. Давлат байроғида одатда, мамлакат тарихи, миллий қадриятлари билан боғлиқ муҳим воқеалар хусусидаги турли рамзий суратлар акс эттирилган.
Ҳозирги вақтда давлат байроқларининг баёни барча мамлакатларда бошқа давлат рамзлари қатори қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилади. Байроғимиз хусусида шу кунга қадар ўнга яқин ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва доимий равишда ҳукумат назоратида бўлган.
2023 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни бўлди. Қонун билан давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилди ва айрим чекловлар олиб ташланиб, истиснолик ҳолатларга аниқлик киритилди. Байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмаслиги белгиланди.
Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда.
Дилмурод Аҳмедов,
Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи.
ЎзА.