Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланмоқда
Жиззах шаҳрида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқариш ва меҳнат жамоалари фаол аёллари иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, мунис онахонлар ва барча аёлларни байрам билан самимий муборакбод этди.
Уйимизда бир кунгина онамиз, аёлимиз, қизимиз ёки келинимиз бўлмаса, уйимиз гўё файзсиз бўлиб қолгандай туюлади. Шунинг учун аёлларни минг бир сифат билан таърифлаймиз. Уларни ойга, қуёшга, гулга ўхшатамиз. Ҳаё маликаси, муҳаббат меҳвари, садоқат рамзи деймиз.
– Аёл – аввало она сифатида юксак қадр-қимматга, ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Бинобарин, она ўз зурриёдига қалб қўрини берувчи инсон, унинг илк устозидир. Ўз фарзандига панду насиҳат қила оладиган, ҳаётнинг зарур кўникмаларидан сабоқ бериб, дунёни энди англаётган гўдакни тўғри йўлга бошқарадиган она, шубҳасиз инсоният давомчиси ва йўлчи юлдузидир, – деди вилоят ҳокими ўз табрик нутқида.
[gallery-10808]
Тантанали тадбирда турли соҳаларда меҳнат қилаётган фаол хотин-қизлар эсдалик кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Тадбирда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли сўз устаси Аваз Охун ва вилоят санъаткорлари ҳамда ижрочи ёшларнинг чиқишлари иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбири Жиззах шаҳридаги “Шоҳсарой” тантаналар мажмуасида тўкин дастурхон атрофида дилдин қурилган ширин суҳбатлар билан давом этди.
Байрам тадбирлари Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, корхона, ташкилот ва муассасаларида кенг нишонламоқда.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА