Халқаро валюта жамғармаси: Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ўсмоқда, ЯИМ 8,7 фоизга етди
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ижроия кенгаши Ўзбекистон билан 2026 йилги IV модда маслаҳатлашувларини якунлаб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиш истиқболларига оид навбатдаги таҳлилий ҳисоботини эълон қилди.
Ушбу ҳужжатда Ўзбекистонда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш борасидаги қадамлар юқори баҳоланиши билан бир қаторда, тизимли ривожланиш учун муҳим бўлган бир қатор стратегик тавсиялар ҳам илгари сурилган.
Яна бир эътиборли жиҳат - Жарғарма томонидан Ўзбекистоннинг миллий валюта сиёсатига берилган баҳо бўлди. Халқаро экспертлар 2025 йилнинг апрель ойидан буён сўм курсининг мослашувчанлиги сезиларли даражада ошганини эътироф этди.
Бунинг натижасида Жамғарма Ўзбекистоннинг амалдаги (de facto) валюта курси режимини "crawl-like" (бошқарилувчан) тоифасидан "floating" (эркин сузувчи) тоифасига қайта таснифлади.
ХВЖ таҳлилчиларининг фикрига кўра, валюта курсининг бозор қонуниятлари асосида эркин шаклланиши (сузиши) қуйидаги муҳим афзалликларни тақдим этади. Миллий иқтисодиётнинг ташқи салбий таъсирлар (глобал инқирозлар, хомашё нархи тебраниши)ни ютиш ва уларга мослашиш қобилияти кучаяди. Валюта курсини сунъий ушлаб туриш учун марказий захираларни сарфлаш зарурати камаяди ва олтин-валюта активлари асраб қолинади.
Бозорда валюта хавф-хатарларини суғурталаш (хежирлаш) амалиёти ва янги дериватив воситалар ривожланишига туртки берилади.
Марказий банк томонидан юритилаётган инфляцион таргетлаш (мақсадли кўрсаткичга интилиш) сиёсатининг самарадорлиги янада ошади. Ўзбекистон иқтисодиёти ички талабнинг кучлилиги ва инвестициявий фаоллик ҳисобига юқори ўсиш динамикасини сақлаб қолмоқда.
2025 йил якунларига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич йиллик ҳисобда 8,7 фоизгача тезлашди.
Иқтисодий фаоллик меҳнат бозорига ижобий таъсир этди. Ишсизлик даражаси 4,6 фоизгача пасайди. Аҳоли реал даромадларининг ортиши ва хориждан пул ўтказмаларининг барқарорлиги натижасида камбағаллик даражаси 2025 йил якунида 5,8 фоизгача пасайди.
2024 йилдаги энергия ресурслари тарифларини эркинлаштириш ортидан кузатилган қисқа муддатли нарх ўсишидан сўнг, қатъий пул-кредит сиёсати туфайли инфляция 2026 йилнинг апрелида 7,0 фоизгача пасайди. ХВЖ экспертлари инфляция 2027 йил якунига бориб Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига (таргетига) тўлиқ етишини прогноз қилмоқда.
Жаҳон бозорида олтин нархининг юқорилиги ва иқтисодий фаоллик давлат молияси ҳолатини яхшилашга хизмат қилди. 2025 йилда консолидациялашган бюджет дефицити ЯИМга нисбатан 2,1 фоизни ташкил этди (бу белгиланган 3 фоизлик чегарадан анча паст).
Қарз миқдори ЯИМнинг 29 фоизигача камайди, бу эса мамлакат учун қарз инқирози хавфи жуда паст даражада эканидан далолат беради.
Жорий операциялар ҳисоби дефицити 3,9 фоизгача қисқарди. Энг муҳими, мамлакатнинг ялпи халқаро захиралари 66 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетди. Бу кўрсаткич Ўзбекистон учун ҳар қандай ташқи молиявий шокларга қарши ишончли "хавфсизлик ёстиқчаси" вазифасини ўтайди.
Истиқболдаги ўсиш кўрсаткичлари борасида ХВЖ ва Ўзбекистон ҳукуматининг қарашларида ижобий маънодаги фарқ бор. ХВЖ базавий прогнозига кўра, ЯИМ ўсиши 2026 йилда 6,8 фоиз ва 2027 йилда 6,0 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти. Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати ички потенциал имкониятлар ва бошланган ислоҳотлар самарасини юқорироқ баҳолаб, 2026 йилда ўсиш суръатлари 7,0–7,5 фоиз атрофида бўлишига ишонч билдирмоқда.
Экспертлар глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар ва Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликларни асосий ташқи хавф сифатида кўрсатишмоқда. Ички хавфлар сирасига эса бюджет харажатларини оширишга бўлган босим, имтиёзли кредитлаш дастурларининг ҳали ҳам сақланиб қолаётгани ва баъзи таркибий ислоҳотларнинг кечикиш эҳтимоли киритилган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА