Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасида Палата раиси Д.Ашуров бошчилигидаги раҳбарият ҳамда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари Жан-Франсуа Вэнь ва Уильям МакКласки иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида меҳмонларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда нотариат соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


Шунингдек, "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимини давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш, хусусан, солиқ ва кадастр органлари билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, кўчмас мулкнинг бозор қийматини баҳолашнинг амалдаги механизми, кўчмас мулкни олди-сотдисида жисмоний шахслар даромад солиғини ҳисоблаш тартиби, шунингдек мазкур масалалар бўйича халқаро тажриба юзасидан фикр алмашилди.


Учрашув қизғин муҳокама ҳамда "савол-жавоб" шаклида ўтди. Томонлар кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришда нотариатнинг ўрни ва аҳамиятига доир амалий масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
ЎзА