Халқаро тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик ривожлантирилади
Сенатда АҚШнинг Миддлбери халқаро тадқиқотлар институти экспертлари ва олимлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг професор-ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик, конструктив мулоқот, ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёда шаклланаётган янги сиёсий муҳит минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва умумий муаммоларга биргаликда ечим топишда муҳим омил экани таъкидланди.

Айтиб ўтиш керакки, Миддлбери халқаро тадқиқотлар институти халқаро муносабатлар, глобал хавфсизлик, стратегик таҳлил, давлат бошқаруви ҳамда лингвистик тайёргарлик соҳаларида юқори нуфузга эга бўлган етакчи академик ва таҳлилий марказлардан бири ҳисобланади.
Ушбу институт билан ҳамкорлик парламентлар ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди. Шу муносабат билан Сенатнинг илмий-тадқиқот марказлар ва экспертлар институтлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди.
Учрашув якунида халқаро тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА