Халқаро стандартлар асосида ветеринария мутахассислари тайёрланмоқда
Бугун – Халқаро ветеринария куни
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфида фаолият юритаётган Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехологиялар университети ва унинг Нукус ҳамда Тошкент филиалларида ветеринар мутахассислар халқаро стандартлар асосида тайёрланмоқда.
Бугунги кунда ёш авлодга университетнинг 56,6 фоиз илмий салоҳиятга эга бўлган 304 нафар профессор-ўқитувчилари таълим бермоқда. Жорий йилда университетга 23 нафар Америка, Италия, Туркия, Латвия, Португалия, Корея, Россия, Қозоғистондаги ТОП-1000лик университетлар профессор-ўқитувчилари ишга қабул қилинди. Университетга Россиядан тажрибали мутахассис (ватандош) раҳбар сифатида жалб этилган.
Жорий ўқув йилида илк бор Корея, Қирғизистон Қозоғистон давлатларидан талабалар ўқишга қабул қилинди.
Университетнинг халқаро ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу ўқув йилида жаҳоннинг соҳага оид энг нуфузли олий таълим ва илмий ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари 94 тага етказилди.
Университет жорий йил январь ойида "European Association of Establishments for Veterinary Education (EAEVE)” (Европа ветеринария таълими муассасалари ассоциацияси)га Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатларининг соҳага оид университетлари ичида биринчилардан бўлиб аъзоликни қўлга киритди.
"European Association of Establishments for Veterinary Education (EAEVE)”- ветеринария таълими сифатини баҳолаш ва аккредитация қилиш бўйича Европадаги етакчи ташкилотлардан бири бўлиб, бугунги кунда Европа ва бошқа минтақалардаги 30 дан ортиқ давлатдан 100 га яқин етакчи ветеринария университетларини бирлаштиради. Ташкилот томонидан белгиланган стандартлар ветеринария таълими соҳасида халқаро миқёсда эътироф этилган мезонлар ҳисобланади.
Ўқув дастурлари Европа ветеринария таълими стандартлари асосида такомиллаштирилади, замонавий клиник кўникмалар ва амалий билимлар халқаро талаблар даражасида шакллантирилади. Натижада битирувчиларнинг дипломлари ва касбий малакасининг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ошади.
Шунингдек, EAEVEга аъзо хорижий университетлар билан академик мобиллик ва алмашинув дастурларида, қўшма таълим лойиҳалари ҳамда илмий-тадқиқотларда иштирок этиш имкониятлари кенгаяди.
2024 йилда университетда 14 турдаги ҳайвонларни сақлаш ва стационар тартибда ветеринария хизматларини кўрсатишга мўлжалланган виварий лабораторияси биноси қурилди ва талабаларнинг амалий машғулотларини ўташда хизмат кўрсатмоқда.
Шунингдек, 2025 йилда университетда ветеринария клиникаси ташкил этилиб, 12 турдаги замонавий ветеринария ва биотехнология лабораториялари, ҳайвонлар касалликлари визуал ташхис бўлими (УТТ, рентген), жарроҳлик операцион блоги, амбулатор ва стационар даволаш хизмати йўлга қўйилди ҳамда ўтган давр мобайнида 20 мингга яқин ҳайвонларга клиник хизматлар кўрсатилди.
Бугунги кунда виварийда олимлар томонидан соҳага оид илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 5 та маҳаллий ва 3 та халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ветеринария клиникаси мутахассислари томонидан чорвачилик фермер хўжаликларида ҳайвонларни парваришлаш ва уларнинг соғлигини сақлаш бўйича маслаҳатлар ва тавсиялар бериш (extension service), ҳудудий давлат ветеринария хизматига кўмаклашиш, аҳоли хонадонларида сақланадиган ҳайвонларга сифатли ветеринария хизмати кўрсатиш билан шуғулланиб келинмоқда.
Университет билан Америка Қўшма Штатлари Миннесота университети ўртасида бажарилиши 2020-2024 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонда ветеринария таълимининг твиннинг лойиҳаси” амалга оширилиб, ветеринария медицинаси таълим йўналишининг ўқув режа ва фан дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилди ҳамда бакалавриат босқичи 4 йилликдан 5 йиллик босқичга ўтказилди.
Миннесота университети ТОП–300 талик университетлар қаторига киради ва ветеринария соҳасида етакчи кадрлар тайёрлаш муассасаси ҳисобланади. Ветеринария медицинаси таълим йўналишининг 4 йиллик босқичдан 5 йиллик босқичга ўтказилиши ҳалқаро таълим ва меҳнат бозорида рақобатбардошлиги ҳамда дипломларнинг тан олиниши имконини беради.
Университет билан Беларусь Республикасининг Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси ҳамда Латвия давлатининг Латвия биофанлар ва технологиялар университети ўртасида қўшма таълим дастурлари ташкил этилиб, 5 та таълим йўналиши бўйича бакалавриат, 2 та мутахассислик бўйича магистратура босқичида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Университетда 2024-2025 ўқув йилида 250 нафар 2025-2026 ўқув йилида эса 1200 нафар юқори босқич талабаларига дуал таълим шаклида малакавий амалиётлар ташкил этилди.
“Новобод наслли парранда”, “САГ” биотехнология лабораторияси, “АгроМИР”, ва “Сиёб-Шавкат-Орзу” каби корхоналар билан талабаларнинг малакавий амалиётлари дуал таълим шаклида, яъни 1+4 тартибида ташкил этилмоқда.
2025 йилда академик мобиллик, халқаро тадбирлар ва ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти (Work and travel) дастурларида университетнинг 284 нафар талабалари иштирок этди. Шунингдек, 116 нафар профессор-ўқитувчилар 15 дан ортиқ давлатларда стажировка ўтаб қайтди.
Академик мобиллик дастурларида Германия, Польша, Латвия, Жанубий Корея, Япония, Индонезия, Туркия, Россияда 166 нафар, Польша, Дания ва Германияда 118 нафар талабалар ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти (Work and travel)да иштирок этди.
Шунингдек, 55 нафар университет битирувчи талабалари Швеция, Дания, Германия, Канада каби давлатларда халқаро меҳнат бозорида соҳа бўйича фаолиятларини олиб бормоқда.
Ўтган ўқув йилида “Эл-юрт умиди” жамғармаси танловларида ғолибликни қўлга киритган университет талабаси Исломбек Тожиддинов халқаро ТОП-100 талик олий таълим муассасалари ичида 25 ўринда турадиган Буюк Британиянинг Эдинбург университетига грант асосида магистратура босқичига ўқишга қабул қилинди.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида мамлакатда ветеринария ва чорвачилик соҳасида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Алишер Сафаров,
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш қўмитаси
Фан ва таълим соҳасини ривожлантириш
бошқармаси бошлиғи
ЎзА