Халқаро сертификатлар асосида электрон тасдиқлаш тизими жорий этилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган 324-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида маҳсулотларга расмийлаштирилган айрим рухсат бериш хусусиятига эга ва уларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ваколатли органларнинг электрон тасдиғини олиш амалиётини жорий этиш тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон ташқи савдо тизимида яна бир муҳим янгилик жорий этилди. Энди Ўзбекистондан ташқарида маҳсулотлар учун расмийлаштирилган айрим рухсат бериш хусусиятига эга ҳамда мувофиқликни тасдиқловчи халқаро ҳужжатлар асосида ваколатли органларнинг электрон тасдиғини олиш амалиёти йўлга қўйилади.
Мазкур тартиб мамлакатда ташқи савдо жараёнларини рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган навбатдаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Янги Низомга мувофиқ, маҳсулот импортчиси ёки бошқа ариза берувчи хорижда расмийлаштирилган мувофиқлик сертификати ёки рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда божхона органига электрон ариза тақдим этади. Шундан сўнг, ваколатли орган мазкур ҳужжатларни ахборот тизими орқали кўриб чиқиб, электрон тасдиқ ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бу қарор автоматлаштирилган тарзда божхона органларига юборилади ва божхона расмийлаштируви шу асосда амалга оширилади.
Аризада транзит декларацияси рақами, товарнинг номи ва ТИФ ТН коди, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар, маҳсулот ишлаб чиқарилган давлат, мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа маълумотлар кўрсатилиши лозим.
Ушбу тартибнинг жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун вақт ва харажатларни қисқартириш имконини беради. Илгари айрим ҳужжатларни қайтадан расмийлаштириш ёки қўшимча текширувлардан ўтказиш талаб этилган бўлса, эндиликда халқаро тан олинган ҳужжатлар асосида электрон тасдиқ олиш имконияти ташқи савдо операцияларини тезлаштиради.
Шу билан бирга, янги механизм давлат органлари ўртасидаги ахборот алмашинувини ҳам янада такомиллаштиради. Ваколатли органлар ва божхона тизими ўртасидаги электрон интеграция инсон омилини камайтириш, шаффофликни ошириш ҳамда коррупциявий хавфларни қисқартиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатда божхона ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида рақамли хизматларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Электрон рухсатномалар, “Ягона дарча” тамойили ва автоматлаштирилган божхона хизматлари қаторида мазкур тартиб ҳам ташқи савдо иштирокчилари учун янада қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Янги амалиёт, энг аввало, халқаро стандартлар асосида ишлаётган импортёрлар ва ишлаб чиқарувчилар учун маъмурий юкламани камайтириши, маҳсулотларни эркин муомалага чиқариш жараёнини соддалаштириши ҳамда мамлакатнинг халқаро савдо муҳитидаги рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА