Халқаро сертификатга эга бўлди
Бугун таълим муассасасининг нуфузи нафақат таълим сифати ва илмий салоҳияти, балки бошқарув жараёнларидаги очиқлик, шаффофлик, ҳалоллик ва масъулият билан ҳам белгиланмоқда. Шу жиҳатдан, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар муҳим натижа билан якунланди.
Филиал QACS International интернационал халқаро ташкилоти томонидан ўтказилган аудитдан муваффақиятли ўтиб, ISO 37001:2025 — «коррупцияга қарши бошқарув тизими» халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификатига сазовор бўлди.
Мазкур стандарт ташкилотда коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий хавфларни аниқлаш ва бошқариш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, бошқарув жараёнларида ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган самарали механизмларни жорий этишни назарда тутади. Шу боис сертификатнинг қўлга киритилиши филиалда Коррупцияга қарши курашишга бир марталик тадбир эмас, балки тизимли бошқарув жараёни сифатида ёндашилаётганидан далолат беради.
Янгиер филиали учун бу натижа, аввало, таълим жараёни ва бошқарувда ҳалоллик, адолат ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, коррупсиявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, қарор қабул қилишда масъулият ва ҳисобдорликни ошириш учун муҳим замин яратади.
Олий таълим муассасасида бундай ёндашувнинг аҳамияти айниқса катта. Зеро, қабул жараёнидан тортиб талабалар билимини баҳолаш, кадрлар билан ишлаш, харидлар ва бошқарув қарорларигача бўлган йўналишларда холислик ва шаффофликни таъминлаш таълим сифатининг муҳим омилларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, ISO 37001:2025 халқаро стандартининг жорий этилиши филиалда соғлом ва ишончли таълим муҳитини янада мустаҳкамлаш, коррупциявий хавфларни тизимли баҳолаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган ички назорат механизмларини такомиллаштириш имконини беради.
Бундай натижага эришишда давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, давлат ташкилотларида ички назорат ва комплаенс тизимларини жорий этиш, коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган сиёсатининг амалий аҳамияти катта.

Филиал директори Зафар Ҳакимовнинг таъкидлашича, мазкур сертификат жамоанинг коррупсияга қарши курашиш, бошқарувда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ишларига берилган муҳим халқаро баҳодир.
— Бу эътироф таълим муассасасида ҳалоллик — ишончнинг, ишонч эса сифатли таълимнинг пойдевори эканини амалда намоён этади. Бу биз учун нафақат эътироф, балки катта масъулият ҳамдир. Энди мазкур стандарт талабларини амалиётда изчил таъминлаш, мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва филиалда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини мустаҳкамлашга янада катта эътибор қаратамиз, — дейди Зафар Ҳакимов.
Дарҳақиқат, халқаро сертификат муайян натижанинг эътирофи бўлиш билан бирга, унинг талабларини доимий равишда таъминлаш ва такомиллаштиришни ҳам тақозо этади. Янгиер филиалининг ISO 37001:2025 стандартига мувофиқлик сертификатига эга бўлиши эса таълим ва бошқарув жараёнларида ҳалоллик, очиқлик ва масъулият тамойилларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири