Халқаро сана Наманганда муносиб нишонланди
1983 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эътироф этилган “15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” ҳар йили бутун дунё ҳамжамиятида кенг нишонланади.
Сана тарихи 1960 йилда АҚШда содир бўлган бир воқеа билан боғлиқ. Яъни “океан орти” юртида темирйўл компанияларининг йўловчи ва юк ташиш хизматлари нархларининг кескин ошириб юборилиши норозиликларга сабаб бўлади. Бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган ҳаракатларни авж олдиради. 1962 йил 15 мартда АҚШ Президенти Джон Кеннеди мамлакат Конгрессига “Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида махсус йўлланма” юборган. Мазкур ҳужжатда иқтисодиётда истеъмолчилар салмоқли ўрин эгаллаши ҳақида тўхталиб, фуқароларнинг истеъмол учун сотиб олиш имконияти бўлмаса, иқтисодий ривожланиш бўлмайди, деган фикрлар билдирилганди.

Наманганда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) вилоят бўлинмаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси, вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган амалий семинар айни шу халқаро санага бағишланди.
Ўтган 2023 йил мобайнида вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимларига фуқаролардан келиб тушган жами 1076 та мурожаатнинг ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 9 миллиард 13 миллион 601 минг 450 сўм миқдорида етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Семинарда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш билан боғлиқ интилишларда жамоатчилик вакиллари фаоллигини ошириш масаласидаги таклиф-мулоҳазалар тингланди ва бу борада вилоятда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли ўсиб бораётгани алоҳида тилга олинди.
Тадбирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ишлар қамровини янада кенгайтириш ҳамда савдо таъминоти ва хизматлар сифатини юксалтиришга эришиш мақсадидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳудудий бирлашма билан ЎзННТМА вилоят бўлими ҳамда бир қатор ННТ ўртасида меморандум имзоланди.

Шундан сўнг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича фаол иш олиб бораётган бир қатор тизим ходимлари муносиб тақдирланди. Бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларига Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири