Халқаро ўқув йиғинида тажриба оширишмоқда
Жорий йилнинг 8–28 февраль кунлари Грециянинг Aфина шаҳрида академик эшкак эшиш спорт тури бўйича нуфузли халқаро ўқув йиғини машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғинда Сирдарё вилояти спортчилари ҳам фаол иштирок этиб, келгусидаги республика ва халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда йиғинда бўлиб турган Фаррух Облоқулов хабар берди.
Ўқув-йиғин замонавий спорт инфратузилмаси, қулай иқлим шароити ва юқори рақобат муҳити билан ажралиб туради. Машғулотлар давомида спортчилар техник ва тактик маҳоратини такомиллаштириш, жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш ҳамда сувда ҳаракат координациясини ривожлантириш устида фаол иш олиб бормоқда. Шунингдек, халқаро даражадаги спортчилар билан машғулотлар уларга катта тажриба ва руҳий мотивация бағишлайди.

Ўқув йиғинида Фаррух Облоқулов бошчилигида спортчилар — Алишер Турдиев, Павел Сорин ва Анна Пракатен қатнашмоқда. Мураббий томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида кунлик машғулотлар энг самарали усуллар билан ташкил этилмоқда.

– Машғулотлар дастурига эрталабки сув машғулотлари, тренажёрларда куч ва чидамлиликни ошириш машқлари, техник таҳлил, хатолар устида ишлаш ҳамда тикланиш, реабилитация жараёнлари киритилган, – деди Фарруҳ Облоқулов.

Халқаро йиғин нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам спортчиларни чиниқтириш имконини беради. Турли давлатлардан келган эшкакчилар билан тажриба алмашиш, янги машқ услубларини ўрганиш ва рақобат муҳитида машқ қилиш уларнинг малакасини янада оширишга хизмат қилади.
Сирдарё вилояти спортчиларининг Афинадаги иштироки ҳудудда академик эшкак эшиш спорт турини ривожлантириш, ёш авлодни спортга кенг жалб этиш ва юқори натижаларга эришишда муҳим вазифани ўтайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири