Халқаро олимпиадада 13 нафар ўқувчимиз совриндор бўлди
Самарқанд шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний номидаги II халқаро физика олимпиадаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Дунёнинг 15 мамлакатидан келган 200 нафарга яқин хорижлик ва юртимизнинг 100 нафарга яқин ўқувчилари қарийб бир ҳафта давомида икки босқичда ўзларининг физика бўйича назарий ва амалий билимларини синовдан ўтказдилар. Биринчи – лаборатория босқичида ўқувчилар иккитадан топшириқни бажардилар. Иккинчи босқичда уларга халқаро даражада учтадан савол берилиб, жавоблари баҳоланди.
Олимпиада ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Шерзод Каримов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев сўзга чиқиб, халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтгани, иштирокчиларнинг билим ва салоҳияти юқори эканлигини таъкидладилар.
[photobank-32007]
Қатнашчилар қайд этган натижаларига кўра олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди. Жумладан, юртимиз вакиллари 6 та бронза, 5 та кумуш ва 2 та олтин медалларни қўлга киритиб, Россия ва хитойлик ўқувчилар қаторида юқори натижага эришдилар.
Россиялик Ярослав Тихонюк назарий ва амалий синовларда энг яхши натижа кўрсатиб, олимпиаданинг мутлақ ғолиби бўлди.
Шунингдек, ташкилотчилар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда фаол иштирокчиларга олимпиада ташкилий қўмитасининг махсус нишонлари ва ташаккурномалари тақдим этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари