Халқаро оғир атлетика федерацияси президентига "Фахрий доктор" унвони тақдим этилди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Муҳаммад Жалуд ал-Шаммари ҳамда Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ал-Мана билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида оғир атлетика спорт турини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур спорт тури билан шуғулланувчилар, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётган ўзбекистонлик оғир атлетикачилар сони ва сифати ортди.

Халқаро оғир атлетика федерацияси билан ҳамкорликда ушбу спорт турини янада ривожлантириш, ҳалол рақобат тамойилларини мустаҳкамлаш, допингга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерацияларининг Ўзбекистон билан йўлга қўйган самарали ҳамкорлиги, мамлакатимизда оғир атлетикани ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этишга қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Учрашувда Муҳаммад Жалуд ал-Шаммари ҳамда Муҳаммад Ал-Манага спорт соҳасидаги хизматлари эътироф этилиб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети томонидан "Фахрий доктор" унвони топширилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА