Халқаро меҳмонхона бренди лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тошкент шаҳар Туризм бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахтда Barceló Hotel Group томонидан янги меҳмонхона ташкил этиш лойиҳаси бўйича учрашув ўтказилди.
Маълумки, мамлакатимизда янги меҳмонхона ташкил этиш учун давлат томонидан жуда катта имтиёзлар, субсидиялар ва кредит дастурлари жорий этилган. Мамлакатда туризмни ривожлантириш мақсадида меҳмонхона бизнесини бошлаш босқичма-босқич соддалаштирилмоқда.
Barceló Hotel Group Испаниянинг етакчи меҳмонхона тармоқларидан бири ҳисобланади. Компания 30 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади ва дунё бўйлаб юзлаб меҳмонхоналарни бошқаради.

Музокаралар давомида Barceló Hotel Group’нинг Марказий Осиёдаги илк меҳмонхонасини айнан Тошкентда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Компаниянинг Тошкентга кириб келиши шаҳарнинг халқаро туризм салоҳиятини янада ошириш, замонавий меҳмонхона хизматларини ривожлантириш ва янги инвестицияларни жалб этишда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Учрашувда лойиҳа концепцияси, инвестициявий имкониятлар ва ҳамкорликнинг кейинги босқичлари юзасидан фикр алмашилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА