Халқаро коинот бекатига қарийб 3 тонна юк етказилди
“Казинформ” ахборот агентлиги хабар беришича, “SpaceX” компаниясининг “Dragon” фазовий қурилмаси Халқаро коинот бекатига муваффақиятли туташди.
Космик кема станциянинг “Harmony” модулига уланди. NASA шафелигидаги CRS-35 номли таъминот миссияси доирасида самода ишлаётган “Expedition-75” экипажи учун 2,8 тоннадан зиёд озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж буюмлари ва илмий тадқиқот учун зарур ускуна етказиб берилди. Юк тўпламида бекатда электр таъминотини яхшилашга хизмат қиладиган янги қуёш панеллари ҳам бор. Ушбу мосламаларни куз фаслида ўрнатиш режалаштирилган.
Шунингдек, коинотга тиббий тадқиқот учун зарур жиҳозлар ҳам олиб чиқилди. Олимлар самода инсоннинг кўриш қобилиятини тиклашга ёрдам берадиган сунъий тўр яратиш, янги дорини синаш учун юрак тўқимасининг уч ўлчамли моделини ишлаб чиқиш ва фазода янги турдаги шиша ҳосил бўлиш жараёнини ўрганиш мақсадида иш олиб борадилар. Кема саҳнида Альцгеймер ва Паркинсон касалликлари ҳамда тарқоқ склероз каби асаб тизими хасталигини ўрганишга мўлжалланган бош мия органоиди ҳам мавжуд. Булар лаборатория шароитида етиштирилган, мия тўқимасининг айрим хусусиятларини акс эттирувчи кичик тузилмалардир.
Изланиш давомида Саудия Арабистонидан юборилган биологик намунадан ҳам фойдаланилади. Бу намуна Яқин Шарқ минтақасидан мазкур тадқиқот учун коинотга илк бор юборилгани билан аҳамиятли. Миссия 13 октябрь куни АҚШнинг Флорида штатидаги фазога учириш мажмуасида “Falcon-9” ракета-ташувчиси ёрдамида амалга оширилган.
“Dragon” фазовий қурилмаси ноябрь ойи ўрталаригача Халқаро коинот бекатида қолади. Шундан сўнг илмий тажрибадан олинган намуна ва бошқа унсурлардан иборат юк билан Ерга қайтади. Кема Калифорния қирғоғи яқинида Тинч океани ҳудудига қўниши кутиляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА