Халқаро илмий-амалий семинар ўтказилди
Бухоро давлат университетида “Туркман гиламларида туркий халқларнинг маданий хотираси” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар юқори савияда ташкил этилди. Мазкур анжуман туркий халқларнинг асрлар давомида шаклланган бой маданий меросини ўрганиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда илм-фан ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Семинарда хорижий олимлар, тадқиқотчилар, маданиятшунослар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида меҳмонлар университет ҳудудида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати намуналарини ўзида мужассам этган кўргазма билан яқиндан танишдилар. Кўргазмада туркман гиламлари, миллий нақшлар, қадимий анъаналар ва туркий халқлар маданий меросини акс эттирувчи ноёб экспонатлар намойиш этилди.
Айниқса, туркман гиламларида мужассам бўлган рамзлар, ранглар уйғунлиги ва миллий нақшлар орқали халқнинг тарихи, урф-одатлари ва маънавий қадриятлари ифодаланиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Хорижлик олимлар ушбу маданий бойликларнинг нафақат санъат намунаси, балки халқ хотираси ва тарихий тажрибасини сақлаб келаётган муҳим мерос эканини алоҳида таъкидлашди.
Меҳмонлар университетда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари билан ҳам танишиб, талабаларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган замонавий “Офис регистратор” тизими фаолиятини кузатди. Унда талабаларга академик маълумотларни тақдим этиш, кредит-модул тизимини самарали бошқариш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва таълим жараёнини шаффоф ташкил этиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, университетнинг ички бошқарув тизими, электрон платформалардан самарали фойдаланиш, рақамли таълим муҳитини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Улар бу каби инновацион ёндашувлар замонавий таълим сифатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд қилишди.
[gallery-29543]
Анжуман давомида илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма илмий тадқиқотлар ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш, туркий халқларнинг бой маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар маданий алоқаларни ривожлантириш халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашини таъкидлашди.
Тадбир якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, келгусида қўшма конференциялар, илмий изланишлар ва маданий дастурларни ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари