Халқаро ҳамкорлик лойиҳаси вилоят тараққиётининг янги саҳифасини очади
Бугун Янги Ўзбекистонда ҳар бир ҳудуднинг ривожланиши илмий ёндашув, пухта режалаштириш ва халқаро тажриба асосида йўлга қўйилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий яшаш муҳитини яратишга хизмат қилмоқда. Ана шундай муҳим лойиҳалардан бири Бухоро вилоятида амалга оширилиб, унинг натижалари ҳудуднинг келгуси ўн йиллик тараққиётига мустаҳкам пойдевор бўлиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Жанубий Кореянинг нуфузли “DOHWA Engineering” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда вилоятнинг узоқ муддатли ҳудудий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, Президент томонидан “Янги Ўзбекистон” қиёфаси мақоми берилган Ғиждувон ва Шофиркон туманлари учун замонавий фазовий-ҳудудий режалар ҳамда мастер-режаларни тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрда қабул қилинган “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида рўёбга чиқарилаётган “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” ва “Ўзбекистонда яшаш учун қулай ва барқарор шаҳарлар” дастурларининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Халқаро тендер натижаларига кўра, ушбу муҳим лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи шаҳарсозлик, муҳандислик ва инфратузилма соҳасида катта тажрибага эга Жанубий Кореянинг “DOHWA Engineering” компаниясига ишонч билан топширилди. Бу эса Бухоронинг келажак тараққиёти энг илғор халқаро ёндашувлар асосида режалаштирилишидан далолат беради.
Компания мутахассислари Бухорода бўлиш давомида ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий имкониятларини чуқур ўрганади. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда мавжуд муаммолар, ривожланиш истиқболлари ҳамда инвестициявий салоҳият бўйича кенг қамровли таҳлиллар ўтказилади.
Тўпланган маълумотлар асосида Бухоро вилоятининг келгуси тараққиёт йўналишларини белгилаб берувчи замонавий фазовий-ҳудудий стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Уларда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, инвестиция муҳитини янада жозибадор этиш, замонавий шаҳарсозлик тамойилларини кенг жорий қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли учун юқори ҳаёт сифатини шакллантириш каби устувор вазифалар ўз аксини топади.

Айниқса, Ғиждувон ва Шофиркон туманлари учун тайёрланадиган мастер-режалар мазкур ҳудудларнинг мутлақо янги қиёфада ривожланиши, замонавий турар-жойлар, ишлаб чиқариш зоналари, хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ҳамда жамоат масканларининг тизимли барпо этилиши учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани белгиланган муддатларда, юксак сифат билан амалга ошириш, барча манфаатдор ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш ва ишларни мувофиқлаштириш юзасидан фикр алмашишди.
Бухорода амалга оширилаётган мазкур халқаро ҳамкорлик лойиҳаси вилоят тараққиётининг янги саҳифасини очади. Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси, Президентимиз белгилаб берган стратегик ислоҳотлар ва маҳаллий имкониятларнинг уйғунлашуви натижасида Бухоро нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёнинг энг замонавий, инвестициявий жозибадор ва яшаш учун қулай ҳудудларидан бирига айланиши учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА