Халқаро ҳамкорлик лойиҳалари самараси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Кореянинг Халқаро ҳамкорлик ташкилоти KOICA ўртасида “СOVID-19 пандемиясидан зарар кўрган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Меморандум имзоланган эди.
Лойиҳага кўра, Бухоро вилоятининг Қоракўл, Шофиркон ва Когон туманларида компьютер саводхонлиги, бухгалтерия, аёллар сартарошлиги, тикувчилик, пазандачилик ҳамда уй ҳамширалиги йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилади ҳамда ўқитувчиларнинг малакаси оширилади.
“Замин” Халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг юрак касалликлари билан оғриган 35 нафар фарзандларига тиббий операция ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан 3 минг нафар аҳоли учун тиббий кўрик, эхокардиограмма ва ультратовуш текширувлари ташкил этилади. Уларга 33 турдаги дори-дармон ва витаминларни ўз ичига олган тиббий воситалар жамланмаси тақдим этилади.
Аёлларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари ҳамда Корея Халқаро ҳамкорлик ташкилоти KOICAнинг Ўзбекистондаги дастур менеджери Бэк Чубин ҳамда WFK координатори Шукурулло Шукуров Бухоро вилояти Когон тумани Хўжа Якшаба маҳалла фаоллари йиғини биносида ташкил этиладиган хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ўрганилди.
Мавжуд камчиликлар ва зарур ҳолларда фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди. Ушбу тадбирда бевосита туман ҳокими ва сектор раҳбарлари қатнашди.
Марказлар бизнес-инкубатор шаклида хотин-қизларнинг тадбиркорлик, касб-ҳунарга ўқитиш, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашади.
Мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, жойларда “Аёллар дафтари” ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Шофиркон туманида ҳам хотин-қизлар маркази ташкил этиш режалаштирилди. Тадбирда туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари ва тегишли қурувчи ташкилотлар иштирок этди. Камчиликлар ўрганилди ва шу билан бирга уларни бартараф этиш ҳамда қайта таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди.
[gallery-4233]
Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида ўқитилиб, келгусида ўз ишини йўлга қўйишга мувофиқ бўлишади.
Қоракўл туманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея Халқаро ҳамкорлик ташкилоти вакиллари компьютер саводхонлиги, бухгалтерия, аёллар сартарошлиги, тикувчилик, пазандачилик йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этиладиган биноларни ўрганди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Меҳмонлар якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олди. Вилоят бўйича 50 нафар мана шундай тоифадаги оилаларнинг аъзоларига иситиш мослама(электр печ)лари туҳфа этилди.
–35 йилдан бери ўқитувчилик қиламан, – дейди туманнинг Дарғабоби қишлоғида яшовчи Комил Собиров. – Туркманистон Республикасидан бир нафар қизи билан кўчиб келган аммам бор эди. Аммамнинг вафотидан сўнг унинг қизи Гулистон Ҳамроевани асраб олганман. Гулистон ёшлигидан ногирон – гапира олмайди. Айни кунда мендан бошқа унинг яиқини йўқ. Шунинг учун бизнинг хонадонда яшайди. Бугун масъуллар келиб Гулистоннинг ҳолидан хабар олишди. Бундан жуда хурсандмиз.
Меҳмонларнинг кейинги манзили туманнинг Човирчи қишлоғида яшовчи якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган 78 ёшли Гулсара Норова хонадони бўлди. Гулсара Норова умри давомида боғчада тарбиячи бўлиб ишлаган.
– Давлатимиздан миннатдорман, – дейди Гулсара Норова.
– Мени ҳар гал эслаб, оғиримни енгил қилиб келишмоқда. Қариндошларим Туркманистон Республикасида яшайди. Ўзбекистонда мени қариндошларим йўқ. Лекин менга ўзбеклар қариндошдек бўлиб қолган. Мен бахтиёр юртда яшаётганимдан хурсандман.
Туманнинг “Осиё” маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими томонидан 2 минг 725 нафар аҳоли учун тиббий кўрик ташкил этилди.
Уларга кардиолог, генеколог, УЗИ, лор, терапевт каби соҳа мутахассислари хизмат кўрсатди. Тиббий кўрикка келганларга 33 турдаги дори-дармон ва витаминларни ўз ичига олган тиббий воситалар жамланмаси тақдим этилди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА