Халқаро фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик ривожланади
Халқаро фуқаро авиациясининг барқарор ривожланиши давлатлар ўртасидаги иқтисодий, савдо ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Парламент қуйи палатаси мажлисида муҳокама қилинган “Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фуқаро авиацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Чикаго конвенциясига киритилган айрим ўзгартиришларни ратификация қилиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Конвенциянинг 50 (а)-моддасига мувофиқ, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти Кенгаши аъзолари сонини 36 тадан 40 тагача, 56-моддасига асосан, Аэронавигация комиссияси аъзолари сонини эса 19 тадан 21 тагача ошириш белгиланмоқда.
Айтиб ўтилганидек, бугунги кунда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатлар сони ортиб бормоқда. Шунингдек, халқаро ҳаво транспортининг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни тобора кучайиб бормоқда. Бу эса юқоридаги ўзгартиришларнинг долзарблигини кўрсатади. Кенгаш таркибининг кенгайтирилиши ташкилотга аъзо давлатларнинг вакилликдаги мувозанатини таъминлаш имконини беради.
Аэронавигация комиссияси таркибининг кенгайтирилиши эса турли давлатлар вакилларининг техник билим ва амалий тажрибасидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Чикаго конвенцияси доирасидаги халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажаришини таъминлайди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА