Халқаро анжуманда Термиз минтақавий алоқалар марказига айлангани эътироф этилди
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида “Ўзбекистон – Россия: Евросиё маконида стратегик шериклик” мавзуига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуман иштирокчилари бугунги йиғилишда “Сурхондарё – Татаристон: минтақалараро ҳамкорликнинг ютуқлари ва салоҳияти” мавзуига бағишланган маърузаларни тинглаб, муҳокама этди.
Ерости ва ерусти бойликлари сероб Сурхон воҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замонавий саноатни ривожлантириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ҳам оширмоқда. Вилоят деҳқонлари йилига 2,5 миллион тоннадан ортиқ табиий қуёш нурига тўйинган ва витаминларга бой турли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилади.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва бошқа муносабатларнинг кейинги йиллардаги янги ривожланиш босқичида вилоят тадбиркорлари россиялик шериклари билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенг йўлга қўйиб, бу имкониятлардан янада самарали фойдаланишга ҳаракат қилаётир. Бунга Россия Федерациясининг Красноярск ўлкаси, Новосибирск ва Челябинск вилоятлари, Мордавия ва Татаристон Республикалари билан дўстона ҳамкорлик ўрнатилгани яққол далилдир. Айнан тўғридан-тўғри алоқалар мустаҳкам иқтисодий занжир яратиб, янги бизнес ва сармоявий муҳитни шакллантираётир. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантирмоқда.
Ўтган йил якуни билан вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 790 миллион долларни ташкил этган бўлса, унинг қарийб 72 миллион доллари Россия Федерациясига тўғри келди. Ҳозир вилоятда фаолият юритаётган 515 та чет эл сармояси иштирокидаги корхонанинг 44 таси россиялик инвесторлар ҳамкорлигида ташкил этилган.
Татаристон Россия Федерациясининг саноат мажмуасида етакчи ўринни эгаллайди. Республика ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 60 миллиард доллардан ошади. Россияда ишлаб чиқарилган полистиролнинг қарийб 60 фоизи, полиэтиленнинг 50 фоизи, синтетик каучукларнинг 37 фоизи Татаристон ҳиссасига тўғри келади. Республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг деярли ярми дунёнинг 164 мамлакатига экспорт қилинмоқда.
Сессия йиғилишида Сурхондарё вилояти инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мурод Панжиев, “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси тижорат директори Зафар Абдукеримов, Татаристан Республикаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Рустем Гайнуллов, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов, Татаристондаги “Химград” акциядорлик жамияти хорижий лойиҳалар бўйича раҳбари Руслан Сабиров “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки дирекцияси масъулияти чекланган жамияти директори Жасур Мухамедовлар мавзу юзасидан атрофлича фикр юритди.
Мулоқот чоғида Татаристон ва Сурхондарё ўртасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Татаристон Республикаси ҳукумати ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий, қишлоқ хўжалиги, ёшлар сиёсати ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги келишув” доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, нефтни қайта ишлаш, транспорт-логистика, таълим ва инновацион технологиялар соҳаларида йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари, чорвачилик тармоғини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Томонларнинг “Шимол – Жануб” транспорт-логистика лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, Афғонистон ҳудудидаги нефть, газ ва стратегик аҳамиятга эга минераллар каби фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашда Татаристон компаниялари ҳамда унинг саноат салоҳиятидан фойдаланиш имкониятлари, Афғонистон ҳудудида ўзбек ҳамкорлар билан салоҳиятни бирлаштириш асосида бирга амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа қўшма лойиҳаларга эътибор қаратилди.
[gallery-28476]
Халқаро конференция якунида мазкур анжуман фақат Ўзбекистон – Россия шериклигини мустаҳкамлабгина қолмай, балки Евросиёнинг янада кенг, ўзаро боғланган ва барқарор архитектурасини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Ноёб тарихий меросга эга Термизда барпо этилган замонавий инфратузилмалар бу жараёнда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи янги минтақавий алоқалар марказига айланаётгани алоҳида эътироф этилди.
Конференциянинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, “Валдай” мунозара клуби жамғармаси бошқаруви раиси Андрей Быстрицкий ва бошқалар анжуман ҳар икки мамлакат учун ҳам фойдали мулоқотларга бой бўлганини қайд этди. Тажрибали экспертлар ва бошқа иштирокчиларга конференцияда фаол қатнашгани учун чуқур миннатдорлик билдирилди.
Халқаро анжуман иштирокчилари “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси, “Термиз карго маркази” транспорт-логистика ҳабида яратилган замонавий шароитларни кўздан кечирди. Термиз шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбирлари