Халқаро анжуман қатнашчилари Самарқанд зиёратида
Тошкентда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари Самарқандга келди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида чоп этилаётган “Ishonch” газетаси ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро анжуман иштирокчилари Самарқанд темирйўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Ислом оламида алоҳида эътироф ва эъзозга эга бўлган улуғ муҳаддис мангу қўним топган маскан амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан сўнг ўзгача қиёфа касб этди. Буни анжуман иштирокчилари ҳам таъкидлади.
– Имом Бухорийдек буюк шахс зиёратида турганимдан хурсандман ва бу имкониятни яратган анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман, – дейди Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари федерациясининг алоқа маркази директори Гулмира Кракозова. – Мажмуа бетакрор кўринишга эга бўлибди. Самарқанд ҳақида болаликдан эшитиб, унга ўзгача ҳавас билан кўриш иштиёқи бор эди. Бугун бу имконият пайдо бўлди. Таърифу тавсифлар бежизга эмаслигига ишонч ҳосил қилмоқдаман. Имом Бухорий мажмуаси бебаҳо масканга айланибди. Таърифлаб бўлмас даражада тетиклик, руҳий хотиржамлик ҳис этдим. Ўзбекистоннинг улуғвор масканлари кўпаяверсин.
Иштирокчилар Президентимиз ташаббуси билан қайта таъмирланган Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳида ҳам бўлди. Ушбу масканда бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилиб, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратилган. Меҳмонлар зиёратгоҳ ва амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
[gallery-28557]
Анжуман қатнашчилари Самарқанд шаҳридаги қатор тарихий обидалар, туризм объектларида ҳам бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА