Халқ ва давлат уйғунлиги: янги буюк тарихни биргаликда яратамиз
Ҳар бир халқ тарихида шундай қутлуғ саналар бўладики, улар нафақат янги бир даврни бошлаб беради, балки тарих зарварақларини безаб, миллатнинг келажак йўлини ёритади.
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун!” деган ғоя давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида инсон манфаатлари ва унинг фаровонлиги устувор вазифа сифатида белгиланди. Йиллар давомида одамларни қийнаб келган “пахта қуллиги”, мажбурий ва болалар меҳнати, конвертация чекловлари ҳамда “прописка” масаласи каби тизимли муаммоларга бутунлай барҳам берилди.
Шунингдек, катта ва тенгдош авлодимиз болалиги, ўқувчилик ва талабалик йиллари пахта эгатларида ўтганини, қишлоқ жойлардаги аҳоли, айниқса, хотин-қизларимизнинг турмуш тарзи фақат пахта яккаҳокимлиги билан боғланиб қолганини афсус билан эслайди. Мажбурий меҳнатга ўшанда ёш болаларнинг ҳам жалб этилгани оғриқли ҳақиқат эди ёки “прописка” масаласини оладиган бўлсак, Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, ўз Ватанида ҳадик ва эрксизлик билан яшаш ҳеч қайси инсоний ва ҳуқуқий мезонга тўғри келмас эди. Валюта конвертациясига қўйилган чекловлар эса мамлакатимизни иқтисодий қарамликда ушлаб турувчи асосий ғовлардан бири эди.
Бугун Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатидаги оламшумул тарихий воқеалар туфайли дунёга кенг очилди.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллик юбилей тўйида халқимизга йўллаган байрам табригида бугунги ишлар кўламига баҳо берар экан, тарих учун қисқа бўлган бу давр ўз мазмун-моҳияти билан асрий аҳамиятга эга эканига алоҳида урғу берди. Бу– шунчаки сиёсий баҳо эмас, балки миллатнинг ўз босиб ўтган йўлини ва келажак мақсадларини аниқ англашини кўрсатувчи ички кўзгудир. Зеро, ҳар қандай мамлакатнинг куч-қудрати фақат ер ости бойликлари ёки ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларида эмас, балки халқнинг ўз тарихига, ўз кучига ва танлаган йўлига бўлган мустаҳкам ишончида намоён бўлади.
Президентимиз ташқи сиёсатдаги туб бурилишни таъкидлаб, шундай деди: “Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди”.
Маълумки, дунёда геосиёсий зиддиятлар авж олаётган бир даврда Ўзбекистоннинг очиқлик ва яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё минтақасидаги кўп йиллик чегара муаммолари ҳал этилди. Минтақамиз энди низолар эмас, балки дўстлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик макони сифатида дунёга ибрат бўлмоқда. Мамлакатни дунёга кенг очиш – юксак сиёсий журъат ва узоқни кўра билишни талаб қиладиган стратегик қарор эди. Йиллар давомида ёпиқ бўлган минтақани дўстлик ва ҳамкорлик маконига айлантириш осон кечгани йўқ. Бу, аввало, ички ислоҳотларни жадаллаштиришни, иқтисодиётни эркинлаштиришни ҳамда қўшнилар билан очиқ мулоқот йўлини танлашни тақозо этди. Натижада Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун минтақанинг барқарорлик ва тараққиёт маркази сифатида эътироф этилмоқда.
Сўнги йиллардаги таҳлилларга назар ташласак, илгари иқтисодиётимизга йилига 2–3 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилган бўлса, бугунги кунда жалб қилинаётган чет эл сармояси 40–50 миллиард долларни ташкил этмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билимлар ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.
Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини изчил ошириш орқали Ўзбекистоннинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олиши кўзда тутилган. Бу даражадаги юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришилаётганини ҳар бир фуқаро қалбан ҳис этмоқда.
Президентимиз таъкидлаганларидек, сўнгги йилларда 650 мингдан зиёд оиланинг янги уй-жойга эга бўлгани ҳар бир инсон манфаати ва ижтимоий ҳимояси амалда кафолатланаётганлигидан далолат беради.
Энг чекка ва чегара ҳудудлардаги қишлоқ ва маҳаллаларимизга ҳам Янги Ўзбекистоннинг баҳорий нафаси ва янгича қиёфаси кириб бормоқда. Биргина мисол: Сурхондарё вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Олтинсой туманидаги Мўминқул маҳалласи тубдан янгиланиб, кўчалари текисланди ва асфальтланди. Электр энергияси ҳамда табиий газ таъминотидаги узилишлар бартараф этилди. Кўчаларга ёритиш чироқлари ўрнатилиб, аҳоли учун тиббий ва маданий-маиший хизматлар намунали йўлга қўйилди.
Шу боис юртимизда камбағалликни қисқартириш бўйича мутлақо янги – “Ўзбекистон тажрибаси” яратилди. Камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан бугунги кунга келиб 4 фоизга тушгани аниқ ва инкор этиб бўлмайдиган фактдир. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромадини ошириш, касбга ўқитиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини берди – 10 миллиондан ортиқ инсоннинг турмуш шароити яхшиланди.
Соҳадаги ислоҳотлар таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Охирги йилларда аҳолимиз 8 миллион нафарга кўпайган бўлса-да, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилди, мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Олий таълимда таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Энг қувонарлиси, талабаларнинг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Зеро, қизларимиз билимли бўлса, оила маърифатли бўлади, маърифатли оила эса мустаҳкам ва ривожланган жамиятнинг пойдеворидир.
Шу билан бирга, аҳоли генофондини сақлаш ва инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши бўлган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар натижасида гўдаклар ва оналар ўлими 4 бараварга камайди. Халқимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги илгариги 66,4 ёшдан 75,4 ёшга етди. Бу, фуқароларимизнинг ўртача умри 9 йилга узайганини англатади.
Бугун юртимиздаги тадбиркорларнинг 35 фоизини, яъни ҳар учтадан бирини ёшлар ташкил этмоқда. Ёшларимиз миллатни бирлаштирувчи буюк куч сифатида халқаро майдонларда ҳам юқори марраларни эгалламоқда. Хусусан, тарихимизда илк бор футбол бўйича миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани бутун халқимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлади.
Бугун эришилаётган улкан ўзгаришларнинг ҳақиқий эгаси ва ижодкори сифатида давлат тизими эмас, айнан фидойи, меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз эътироф этилди. Мана шу нуқтада "Халқ ва давлат уйғунлиги" тушунчасининг аслида қанчалик ҳаётий ва муҳим экани аён бўлади. Давлат – халққа хизмат қилувчи восита, халқ эса – тараққиётнинг асл манбаи ва ягона мезонидир.
Мамлакатнинг равнақи пухта ўйланган стратегик дастурларга ва уларнинг халқ томонидан якдил қўллаб-қувватланишига боғлиқ. Мустақиллик йилларида босқичма-босқич “Ўзбек модели”, “Ҳаракатлар стратегияси”, “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиялари муваффақиятли амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади. Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз”.
Ушбу эзгу мақсадда юртимизда инсон қадрини юксалтирадиган “Юксалишнинг етти миллий дастури” ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу – Янги Ўзбекистон тараққиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқувчи яхлит стратегик тизим ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришнинг аниқ йўл харитасидир.
Биринчи миллий дастур – билим ва малакани асосий капиталга айлантириш, иккинчи миллий дастур – халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлаш, учинчи миллий дастурда иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш мақсадлари белгиланди. Келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилгача ЯИМ ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни йирик корпорацияларга айлантиришни рағбатлантирувчи молиявий-ҳуқуқий механизмларни яратиш белгиланган.
Тўртинчи миллий дастур эса сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш мақсадлари билан боғлиқ. Бешинчи миллий дастур – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш, “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилишга қаратилган 9 та муҳим вазифани қамраб олади.
Маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш эса олтинчи миллий дастурда ўз аксини топди. Туман бюджети, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳалари бевосита маҳалла буюртмаси ва аҳоли эҳтиёжлари асосида шакллантирилади.
Еттинчи миллий дастур – тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган. Бунда ички ҳамжиҳатлик, миллий ўзлик ва ижтимоий жипсликни сақлаш бош кафолат сифатида белгиланган. Шунингдек, мамлакатимизнинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши глобал миқёсдаги нуфузимизни янада оширади.
Ушбу миллий дастурларни амалга оширишда халқ ва давлат ягона мақсад атрофида бирлашиши шарт. Президентимиз таъкидлаганларидек: “Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз. Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади. Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!”
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими.
ЎзА