“Халқ ва армия – бир тану бир жон!”
Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” мавзуида ижодий асарлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Мустақиллик ғояларини, жамиятимизда амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар моҳиятини санъат воситаси орқали ёшлар ўртасида тарғиб этиш, ёшларимиз маънавиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган кўргазмадан профессионал ижодкорларнинг 28 та тасвирий санъат асари, 68 та фотосурат, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ҳаваскор рассомлар ва ёш ижодкорлар томонидан яратилган 600 дан ортиқ ижодий ишлар ўрин олди.

Тадбир иштирокчиларининг қайд этишича, ҳар бир асар кишини мушоҳадага чорлаш кучига эга бўлиб, ижодий ишларда ҳаётнинг оддий бир лаҳзасини эмас, тарихга муҳрланадиган сонияларнинг акс этаётганини ҳис этиб, инсонни эмас, унинг қалбини, табиатнинг гўзал манзарасини эмас, тирикликнинг бир бўлагини кўриш мумкин.

Кўргазма 15 январга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА