Халқ қабулхонасига мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш бўйича ўзига хос тизим яратилди. Президент Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхонаси фаолиятининг йўлга қўйилганлиги жуда кўп муаммоларни ҳал этишга, одамларнинг давлатдан розилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бу борада жойлардаги Халқ қабулхоналари фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринли. Бухоро вилояти Халқ қабулхонаси томонидан ҳам аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ҳал этиш, уларнинг ариза, шикоят ва мурожаатларида кўтарилган масалаларга ижобий ечим топиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Жорий йил 1 октябрь ҳолатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали вилоят аҳолиси томонидан 44,8 мингта масалага оид мурожаат келиб тушган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Маъмуржон Раҳмонқулов. –Мурожаатларнинг 40,4 мингтаси ҳудудий ташкилотларга юборилган, шундан 14,9 мингтаси ижобий ҳал этилган.
Мурожаатларни ижобий ҳал этиш даражаси ўрганилганда Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, судлар, Бухоро вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда вилоят адлия бошқармасида мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича энг паст кўрсаткичлар қайд этилган.
Аҳоли мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги, муаммоси ҳал этилмаганлиги натижасида 7 206 та такрорий мурожаат келиб тушган. Бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 35,5 фоиз(1 888 та)га кўп ёки жами мурожаатларнинг 16 фоизини ташкил қилади.
Аҳоли томонидан асосан пенсия ва ижтимоий ҳимоя, моддий ёрдам ва ҳомийлик, электр энергияси таъминоти, суд қарорлари ижроси, алимент ва қарз ундириш, бандлик, йўл инфратузилмаси, даволаш ва тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, газ таъминоти, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар энг кўп кўтарилган.
[gallery-14458]
Айниқса, кредитлар бўйича кафилликлар ва фоизларни қоплаш учун компенсациялар, экология соҳасини тартибга солиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, автосаноат, маданият, давлат мулки ва активларини бошқариш, ёқилғи-энергетика (нефть ва газ) масалалари, олий таълимдан кейинги таълим, коррупцияга қарши кураш, аҳоли ва ижтимоий объектларни кўмир ва бошқа ёқилғи турлари билан таъминлаш, маҳаллий солиқлар ва йиғимлар, банк нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ва тўлов тизими билан боғлиқ масалалар сезиларли ошган.
Давлат идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар 3 011 тани ташкил этган. Айниқса, соғлиқни сақлаш, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, таълим соҳаси, профилактика инспектори, банк, ички ишлар органи, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳоким ёрдамчисининг фаолияти юзасидан шикоятлар сони юқори ҳисобланади.
Бухоро вилояти, туман ва шаҳар ташкилотлари томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг 880 таси муддати бузиб ёпилган. Асосан туман ва шаҳар ҳокимликлари, Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг белгиланган муддатлари бузиб ёпилишига йўл қўйилган.
Шунингдек, белгиланган муддати ўтиб кетган бўлсада, 255 та мурожаат бугунги кунга қадар якуний ҳал этилмаган. Жумладан, туман ва шаҳар ҳокимликлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Бош прокуратура тизимидаги ташкилотлар ҳамда Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан мурожаатлар белгиланган муддатлари ўтиб кетган бўлсада, якуний ҳал этилмаган.
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида Бухоро вилояти, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари томонидан 2 146 маротаба оммавий сайёр қабуллар ўтказилди. Ўтказилган оммавий сайёр қабулларда 11 856 та масалага оид мурожаат келиб тушган, шундан 8 005 таси ижобий ҳал этилган.
Таҳлилларга кўра, аксарият туман (шаҳар) сектор раҳбарларининг сайёр қабуллари тўғрисида ўз вақтида эълон берилмаслиги, олдиндан кенг жамоатчиликка маълум қилинмаслиги натижасида фуқаролар ўз муаммолари бўйича юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Халқ қабулхоналари томонидан ўтказилган ўрганиш ҳамда мониторингларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига 226 та тақдимнома, 210 та таклиф ҳамда Халқ депутатлари Кенгашларига 167 та ахборот киритилган. Киритилган ҳужжатларга асосан камчиликлар бартараф қилиниши билан бир қаторда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг 356 нафар ходими огоҳлантирилган. 52 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан”, 8 нафар ходимга ойлик иш ҳақидан жаримага тортиш интизомий жазо қўлланилган. 28 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 12 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари