“Халқ назорати” электрон платформаси ишга тушади
Бухорода рақамлаштирилган тизим – “Халқ назорати” электрон платформасини ишга туширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари Алексей Хен маъруза қилди.
Йиғилишда, дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг концепциялари, лойиҳа ва техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тегишли йўналишлардаги ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларга хизмат кўрсатиш, шаҳар ва туманлар хизматларининг рақамли маълумотларини бирхиллаштириш ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларида ягона идентификатор ва таснифлагичларни жорий қилиш ҳамда улардан фойдаланиш хусусида сўз борди.

Бу борада вилоят ҳокими қарорига мувофиқ ишчи гуруҳи тузилган ва шаҳар ва туманлардаги 516 та маҳалла фуқаролар йиғинлари, тегишли масъул ташкилот ва идораларда ахборот интеграциялашувига доир бошланган чора-тадбирлар самарадорлигига эътибор қаратилади.
Йиғилишда дастурнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, вилоят шаҳар ва туманлари ахборот тизимларида маълумотларнинг ҳимояси ва сақланишини таъминлаш бўйича самарали ишларни ташкил этишга доир мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.

Шунингдек, мутахассислар томонидан вилоятда “Халқ назорати” электрон платформасини ишга тушириш билан боғлиқ техник жиҳатлар, мазкур комплекс дастурни амалга оширишда тегишли мобил илова орқали бу тизимдан хабардор бўлиш, мурожаат йўллашга доир тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.