Халқ билан мулоқот муаммоларни ойдинлаштиради
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова ва халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутатлари Аҳмад Нарзуллаев, Малика Мўминова тумандаги “Лочин”, “Қизилгул” ва “Зарафшон” МФЙда яшовчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувларда парламент қуйи палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида тўхталиб ўтди.
Сўнг аҳоли вакилларининг муаммолари тингланди. Масалан, “Лочин” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда ичимлик суви ва ички кўчаларни асфальтлаш, янги ўрнатилган симёғочларнинг электр симларини янгилаш ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушди ва уларни шу ернинг ўзида ҳал этиш чоралари кўрилди.

“Зарафшон” маҳалласида ўтказилган мулоқотлар давомида ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, уй-жойларни кадастр қилишга доир мурожаатларга ечим изланди.
Депутат М.Ҳасанова ҳудудларда рўй бераётган туб ўзгаришларни кўздан кечириш билан бирга, тумандаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ҳам ўрганди. Беморлар ҳолидан хабар олиб, улар билан мулоқот қилди.
—Халқ билан мулоқот ҳаётдаги муаммоларни ойдинлаштиради,— дейди Қонунчилик палатаси депутати М.Ҳасанова. — Демак, биз халқ вакиллари бугун аҳоли орасига чурурроқ кириб бориб, одамларни нима ўйлантираётгани, жойларда қайси масалалар ечимини кутаётганини яхши билишимиз ва жойлардаги ижтимоий масалаларга ижобий ечим топишда фаол иштирок этишимиз лозим.
М. Комилова, ЎзА