“Халқ билан бирга” умуммиллий дастурига старт берилди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсати, хусусан, камбағалликка қарши кураш, аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлаш тамойилларини ҳаётга кенг жорий этишга қаратилган муҳим ташаббусга старт берди. Бугун шу мақсадга қаратилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурининг тақдимоти ўтказилди.
Дастурнинг асосий мақсади давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган самарали ислоҳотларни тарғиб қилиш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига манзилли кўмак кўрсатиш, бизнес ва жамият ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашдан иборат.

Тақдимотда маълум қилинганидек, ушбу дастур доирасида 2026 йил давомида 50 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирок этиши ва 1,5 миллиондан зиёд фуқарога турли кўринишдаги кўмак бериш режалаштирилган. Дастурнинг “Юракка йўл” акцияси доирасида уйма-уй юриш орқали 1 миллиондан ортиқ хонадон қамраб олиниб, аҳоли муаммолари бевосита жойларда ўрганилади ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ режалар шакллантирилади. Жойларда 10 дан ортиқ мобиль штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, улар томонидан республика бўйлаб 200 дан ортиқ сайёр қабуллар ўтказилади. Бунда аҳолининг мурожаатлари тингланиб, жойида масалаларга ечим топилади, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олинади.
Дастур давомида “Маҳалла еттилиги” ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилади.

Шунингдек, дастурда ёшлар ва хотин-қизларни фаол жалб этишга алоҳида урғу берилган. Жумладан, ҳудудларда давра суҳбатлари, муҳокамалар, очиқ мулоқот, конференциялар ва йирик акциялар ташкил этиш режалаштирилган. Бу орқали аҳолининг турли қатламлари билан очиқ мулоқот ўрнатиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, телеграм-бот орқали онлайн сўровномалар ўтказиш, “Депутат билан очиқ суҳбат” онлайн платформасини ишга тушириш, “Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим” каби интерактив лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли билан доимий мулоқот йўлга қўйилади. Ижтимоий сўровномаларда аҳолининг фикр ва эҳтиёжларини тезкор аниқлаш, муаммоларни ўрганиш ҳамда қарор қабул қилишда жамоатчилик фикрига таянилади.

Ижтимоий ёрдамнинг турли шакллари йўналишида кам таъминланган оилаларни озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш, уларни тадбиркорлар томонидан оталиққа олиш, тиббий кўриклар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш ва касбга ўқитиш каби манзилли чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, “Бир оила – бир ҳомий”, “Яхшилик марафони”, “Фаровон оила”, “Инсон қадри улуғланган юрт”, “Кексаларга меҳр”, “Умид”, “Бир кунда – 1000 китоб”, “Саломатлик сари” каби ўнлаб ижтимоий акция ва лойиҳалар ўтказилади.
Шунингдек, дастурда жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жойларда ўтказиладиган ўрганишлар натижалари асосида жамоат эшитувлари ташкил этиш, депутатлик сўровлари юбориш, қонунчилик ташаббусларини илгари суриш орқали тизимли муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Тақдимот якунида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурига расмий старт берилди. Ҳудудлар кесимида аниқ вазифалар белгилаб олинди, масъуллар бириктирилди ва ижро механизмлари тасдиқланди. Шунингдек, дастурни самарали амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқланди.
Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳоли билан доимий ва самарали мулоқот тизими шаклланиши, жойлардаги муаммолар манзилли ҳал этилиши, шунингдек, тадбиркорлар ва жамият ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА