Халқ билан бирга – тараққиёт сари ишончли қадам
Бухорода Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳузуридаги Амалий лойиҳалар ва сиёсий таълим маркази раҳбари Н. Алимов, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, “Халқ билан бирга” дастури Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатини ҳаётга чуқур татбиқ этишга хизмат қилади. Айниқса, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлаш каби устувор вазифалар мазкур дастурнинг мазмун-моҳиятини белгилайди.

– Дастурнинг асосий мақсади давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларни жойларда самарали тарғиб қилиш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ва манзилли ёрдамни тизимли йўлга қўйишдан иборат, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бобомурод Очилов.
Дастур доирасида амалга ошириладиган “Юракка йўл” акцияси алоҳида эътиборга молик. Уйма-уй юриш орқали мамлакатимиз бўйлаб бир миллиондан ортиқ хонадон қамраб олиниши режалаштирилган бўлиб, бу орқали аҳолининг дарду ташвишлари бевосита ўрганилади ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, ҳудудларда мобил штаблар ташкил этилиб, республика бўйлаб юзлаб сайёр қабуллар ўтказилиши кўзда тутилган. Бу эса фуқаролар мурожаатларини жойида кўриб чиқиш, муаммоларга тезкор ечим топиш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар шакллантириш имконини беради.

Дастурда ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида урғу берилган. Жумладан, турли давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, муҳокамалар ва конференциялар ташкил этиш орқали жамиятда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш масаласи ҳам дастурнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Телеграм-ботлар, онлайн платформалар ва интерактив лойиҳалар орқали аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларнинг фикр ва таклифларини тўплаш йўлга қўйилади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида эса кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларни тадбиркорларга бириктириш, тиббий кўриклар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ва касбга ўқитиш каби чора-тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилган. “Бир оила – бир ҳомий”, “Яхшилик марафони”, “Фаровон оила”, “Кексаларга меҳр” каби қатор лойиҳалар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Тақдимот давомида жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда ўтказиладиган ўрганишлар натижасида жамоат эшитувлари ташкил этиш, депутатлик сўровлари юбориш ва қонунчилик ташаббусларини илгари суриш орқали тизимли муаммоларни ҳал этиш механизмлари белгилаб олинди.
Мазкур дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, халқимиз фаровонлигини янада оширишга замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА