Ғурумсарой кулолчилик анъаналари давом этмоқда (+видео)
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятининг Поп туманида қадим анъаналарга эга халқ амалий санъатининг Ғурумсарой кулолчилиги мактаби шаклланган. Кўза, хум, баркаш, қўшқулоқ, нимчарх, пиёла, қаймоқдон, бурама коса, шокоса, дамтовоқ каби уй-рўзғор ҳамда ёдгорлик буюмларида қўлланилган нақшлар қадимий миллий услубда яратилган Ғурумсарой кулолчилиги намуналаридир.
Ҳозирда уста кулоллар томонидан Ғурумсарой кулолчилиги санъатининг ўзига хос бўлган барча услублари кенг қўлланилади. Ушбу мактабда асосан табиий хомашё ва ранглардан фойдаланилган ҳолда иш бажарилади. Буюмларга нақш беришда асосан гуллар ва геометрик шакллар ишлатилади. Хусусан, идишлар нақшида гулларнинг “Чорбарг”, “Гажжаклар”, “Туя кўз”, “Бодомча”, “Ларзана”, “Илон йўли” каби намуналари кўп учрайди.
[gallery-14595]
Уста Ваҳобжон Буваев Ғурумсарой кулолчилик анъаналарини давом эттириб келаётган моҳир ҳунармандлардан. Унинг саъй-ҳаракатлари билан “Ғурумсарой” халқ ҳунармандчилиги ва касб-ҳунарга ўргатиш маркази ташкил этилган. Ушбу марказ фаолиятининг асосий мақсади талабалар, мактаб ўқувчилари, ёш хотин-қизлар, имконияти чекланган шахсларни халқ ҳунармандчилигига ва касб-ҳунарга ўргатиш, касб маҳоратини такомиллаштиришга кўмаклашишдан иборат.
Жорий йил Фарғона вилояти Риштон туманида ўтказилган Халқаро кулолчилик форумида 22 та хорижий давлат ва юртимизнинг турли ҳудудларидан кулоллар иштирок этиб, унда кулол Ваҳобжон Буваев “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган кулол” номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Ушбу эътироф кулолчилик анъаналарни давом эттиришида устага янада ғайрат ва шижоат бахш этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/L_mp4SzBrz4" title="Ғурумсарой кулолчилик анъаналари давом этмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>ЎзА фотомухбири Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар