Гулистонликлар Хитойда тажриба оширмоқда
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ишчи ташрифи давомида таълим, илм-фан, инновациялар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида эришилган келишувлар бугун амалда ўз ифодасини топмоқда.
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ишчи ташрифи давомида таълим, илм-фан, инновациялар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида эришилган келишувлар бугун амалда ўз ифодасини топмоқда.
Мазкур келишувлар доирасида Гулистон давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат делегация Хитойнинг Венчжоу шаҳрида жойлашган Wenzhou Vocational College of Science and Technology базасида ташкил этилган халқаро илмий-ўқув дастурида иштирок этмоқда.

Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқуловнинг маълум қилишича, 1–28 июнь кунлари давом этаётган дастурнинг асосий мақсади таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ҳамда иштирокчиларнинг касбий салоҳиятини оширишдан иборат.
Дастурнинг илк босқичида иштирокчилар ўқув бинолари, лабораториялар ва инновацион марказлар фаолияти билан яқиндан танишди. Таълим жараёнининг назария ва амалиёт уйғунлиги асосида ташкил этилгани делегацияда катта қизиқиш уйғотди.

Машғулотлар турли йўналишларни қамраб олди. Хусусан, Pan Sufeng томонидан ўтказилган “Insect Specimen Production” дарсида ҳашарот намуналарини тайёрлашнинг илмий асослари ва улардан тадқиқотларда фойдаланиш усуллари ҳақида маълумот берилди. Назарий билимлар лаборатория машғулотлари билан мустаҳкамланди.
Шунингдек, Zheng Jinming раҳбарлигида ташкил этилган “The Effect Production Film and Television” машғулотларида кино ва телевидение соҳасида визуал эффектлар яратиш, рақамли контент тайёрлаш ҳамда замонавий медиатехнологиялардан фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилди.

Дастур доирасида Хитойнинг маданий меросига бағишланган машғулотлар ҳам ўтказилди. Gong Jiongtao томонидан “Lion Dancing”, Feng Maohui томонидан эса “Lacquer Painting” бўйича дарслар ташкил этилиб, иштирокчилар миллий анъаналар ва санъатнинг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишдилар.
Бундан ташқари, делегация аъзолари Венчжоу шаҳрининг тарихий обидалари, музейлари ва маданий марказларига ташриф буюришиб, минтақа тарихий ва туризм салоҳияти ҳақида кенг тасаввурга эга бўлишди.

8 июнь куни Wenzhou Vocational College of Science and Technology, Гулистон давлат педагогика институти ҳамда Тошкент давлат аграр университети вакиллари иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва академик алмашинувни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида талабалар томонидан миллий мусиқа ва қўшиқлар ижро этилди. Бу чиқишлар орқали Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва ёшларнинг ижодий салоҳияти намоён этилди.

– Шубҳасиз, мазкур халқаро дастур Сирдарёдан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини бойитиш, замонавий таълим технологияларини ўзлаштириш ҳамда икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди Нурбек Аяқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири