Гулистонлик ўқувчилар Буюк Британияда
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Хорижий тилларни ўқитадиган энг яхши мактаб” кўрик танловига қизиқиш таълим тизими соҳасида йилдан йилга ортиб бормоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган туман босқичида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичида ҳам юқори марраларни эгаллаш Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига ҳам насиб этди. Ушбу мактабнинг бир гуруҳ фаол ўқувчилари Буюк Британияда “Таълим саёҳати”да бўлишди. Улар бир ҳафта мобайнида Ардмор тилларни ўқитиш мактабида қизиқарли машғулотлар ўтказиб, инглиз тилида қизғин баҳс-мунозаралар, дебатлар ва тақдимотларда фаол қатнашди.


Дарс машғулотларидан ташқари делегация аъзолари Лондоннинг энг машҳур жойларига ҳам саёҳат қилишди. Ўқувчилар делегацияси Оксфорд, Кембриж университетлари, Крисчурч коллежи ва яна бир қанча таълим даргоҳларида бўлиб, уларнинг фаолиятлари, ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди. Айниқса, тарихий ёдгорлик Виндзор қасрига бўлган саёҳат барча ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Улар бу ерда маҳаллий аҳоли билан суҳбатда бўлди.



–Буюк Британияга бўлган унутилмас бир ҳафталик саёҳатимиз ўқувчиларимизда олам-олам таассуротлар қолдирди, – дейди мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Машҳура Ҳасанова. – Юртимиз ёшларининг чуқур билим олишига, дунёнинг энг илғор мамлакатларига мана шундай бир умр эсда қоладиган саёҳатларга шароитлар яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.