Гулистонда замонавий санитария маркази қад ростламоқда
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган муҳим лойиҳа – замонавий санитария-эпидемиология маркази қурилиши жадал босқичга кирди.
Бугунгача фойдаланиб келинган эски бино замон талабларига жавоб бермай қолган эди. Натижада санитария хизмати ходимлари учун ҳам, уларга мурожаат қилаётган аҳоли учун ҳам қатор ноқулайликлар юзага келаётганди. Айниқса, тор жой, чекланган имкониятлар ва замонавий лаборатория ускуналарининг етишмаслиги хизмат самарадорлигига таъсир кўрсатмай қолмасди.

Энди эса бу муаммолар ўз ечимини топмоқда. Жаҳон тараққиёт банки томонидан ажратилган 11 миллиард сўмлик маблағ эвазига барпо этилаётган янги марказ келгусида касалликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва эпидемиологик вазиятни доимий назорат қилиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Бу эса ҳар бир оиланинг хотиржамлиги, аҳоли саломатлигининг ишончли ҳимояси демакдир.

Қурилиш ишлари “Palyot stroy servis” МЧЖ томонидан юқори суръатларда олиб борилмоқда. Объектда замонавий техника ва илғор қурилиш технологиялари қўлланилаётгани ишларнинг сифатли ва ўз вақтида якунланишини таъминламоқда.

Туман ҳокими Олимжон Жўраев ва туман прокурори Дилшод Сангировнинг қурилиш майдонига ташрифи ҳам мазкур лойиҳага қаратилаётган эътибор юқори эканини кўрсатди. Улар ишлар боришини кўздан кечирар экан, қурилиш суръатларини янада жадаллаштириш, айниқса, ички жиҳозлаш ишларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар бердилар.

– Уч қаватдан иборат бўладиган мазкур марказда ходимлар учун барча зарур шароит яратилади, – дейди Олимжон Жўраев. – Энг муҳими, илғор технологиялар билан жиҳозланган замонавий лаборатория фаолият юритади. Бу ерда ўтказиладиган таҳлиллар тезкор, аниқ ва ишончли бўлади. Демак, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва уларнинг тарқалиши олдини олиш имкониятлари янада кенгаяди

Гулистонда барпо этилаётган ушбу марказ бугунги кун эҳтиёжига берилган муносиб жавоб, эртанги барқарор тараққиёт учун мустаҳкам пойдевордир. Чунки соғлиқни сақлашга йўналтирилган ҳар қандай сармоя инсон ҳаёти ва унинг фаровон келажагига қаратилгандир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири