Гулистонда янги боғчалар ишга тушди
Гулистон туманида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Сойибобод” маҳалласидаги 12-сонли ҳамда Аҳмад Яссавий маҳалласидаги 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокими Олимжон Жўраев, нуронийлар, маҳалла фаоллари, аҳоли вакиллари, таълим соҳаси ходимлари ҳамда ота-оналар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болаларни замонавий ва сифатли таълим билан қамраб олиш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Маълум қилинишича, Давлат дастури доирасида 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси учун 4 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси қурилишига қарийб 5 миллиард 500 миллион сўм сарфланган.

Замонавий талаблар асосида бунёд этилган мазкур муассасаларда болаларнинг таълим-тарбия олиши, дам олиши ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
Тадбир иштирокчилари янги биноларда яратилган имкониятлар билан танишиб, ушбу лойиҳалар туманда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш ва таълим сифати ошишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Янги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида ишга туширилиши болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири