Гулистон тумани ёшлари – вилоят чемпиони
Гулистон туманидаги Чортоқ маҳалласида жойлашган 22-сонли умумтаълим мактабида “Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги” учун соҳил волейболи бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.
Қум устида кечган мусобақада вилоятнинг туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган уюшмаган ёшлар жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда ҳар бир жамоа ўзининг спорт маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий ҳаракатини намоён этиб, чемпионлик учун бор кучини сафарбар қилди.

Айниқса, ҳал қилувчи баҳсларда иштирокчиларнинг ғалабага бўлган иштиёқи, ҳар бир очко учун кураши ва ўйин давомидаги ҳамжиҳатлиги мусобақага алоҳида руҳ бағишлади. Ёшларнинг спортга қизиқиши ва фаоллиги эса баҳсларни янада қизиқарли қилди.

Якунда Гулистон тумани ёшларидан ташкил топган жамоа барча рақибларини мағлуб этиб, вилоят чемпиони номини қўлга киритди. Сайхунобод тумани жамоаси иккинчи, Сирдарё тумани ёшлари эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Фаррух Ҳайдаров, Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда ёшларни оммавий спортга жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг аҳамияти таъкидланди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоаларга дипломлар, эсдалик совғалари ҳамда муносиб мукофотлар топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири