“Green University” ҳузурида ҳар бир ҳудудда яшил техникумлар иш бошлайди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида 12 май - Экологик таълим кунига бағишлаб, республикада “яшил” техникум фаолиятини йўлга қўйиш ва сифатли таълим тизимини жорий қилиш, халқаро стандартларга мослаштириш каби масалаларга қаратилган йиғилиш ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, мавжуд қонунчиликка мувофиқ, 2026–2027 йилларда республиканинг 14 ҳудудида биттадан техникум “яшил” техникумларга айлантирилади.

Бу техникумларда 2026/2027 ўқув йилида 5 минг нафар, 2027/2028 ўқув йилида 7 минг нафар ҳамда 2028/2029 ўқув йилида 10 минг нафар ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган.
—“Яшил” техникумлар — мамлакатимизда экологик маданият, яшил иқтисодиёт ва иқлим барқарорлигини таъминлайдиган янги авлод кадрларини тайёрлаш тизими, — деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов. — Аввало, техникумларда ўқув дастурларини қайтадан ишлаб чиқиб, халқаро стандартларга мослаштириш лозим.

Йиғилиш давомида техникумларда замонавий техник ва соҳага оид таълим сифатини оширишга қаратилган муҳим масалаларга эътибор қаратилди.
Техникумларда кадрлар тайёрлашда ҳар бир ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий шароитлари ҳисобга олиниши, бу республика миқёсида соҳага ихтисослашган, ўз ҳудудининг экологик жиҳатларини чуқур ўзлаштирган кадрлар етишиб чиқишини таъминлаши қайд этилди.
Шунингдек, Андижон, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидаги “яшил” техникумларда “in-vitro” лабораторияларини ташкил этиш, дуал таълим тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, Марказий Осиё ва бошқа хориж давлатлари ўқувчилари учун квоталар ажратиш, “яшил” техникум ўқувчилари учун ўзларига тегишли бино ва иншоотларда, ҳудудларда амалиёт участкаларини шакллантириш, соҳавий малака оширишларни ташкил этиш тизимини йўлга қўйиш ва бошқа муҳим масалалар борасида вазифалар белгилаб берилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, университетнинг биринчи босқичида ўқитиладиган мутахассислик фанлари “яшил” техникумларнинг иккинчи босқич ўқув дастурларига махсус курс сифатида киритилади, техникумларни муваффақиятли битирган инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган битирувчиларга университет томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг иккинчи босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат берилади.

Бундан ташқари “Green University” ва “яшил” техникумларда таҳсил олувчилар учун ўрмон хўжаликлари, гидрометеорология станциялари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, чиқинди полигонлари, ботаника ва дендрология боғлари, зоопарклар, Ботаника ва Зоология институтларида амалиёт участкалари ташкил этилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Эко-стипендия” таъсис этилади ва ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга стипендия тўланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА