“Green card” эгалари ҳам АҚШдан чиқариб юбориладими?
АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги мамлакат бўйлаб доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган минглаб иммигрантларнинг ҳужжатларини қайта текшириш учун махсус янги бўлим ташкил этди. “The New York Times” қўлга киритган ички маълумотга кўра, гуруҳ хулосаси асосида камида 50 нафар “Green card” эгасини депортация қилиш режалаштирилмоқда.
Ҳозиргача кўриб чиқилган ишлар имтиёз эгалари умумий сонига нисбатан сезилмас даражада. 7 май ҳолатига кўра, тахминан 2890 киши текширилган ёки ҳали ўрганиляпти. Уларнинг 80 фоизи бўйича “қўшимча чорага эҳтиёж йўқ” деган хулоса чиқарилган. 500 дан ортиқ Қўшма Штатлар резидентлик картасига эга шахс эса ҳануз назорат остида.
Бу жараён Дональд Трамп маъмурияти томонидан қонуний иммигрантлар орасида фирибгарлик қилган ёки хавфли ҳисобланган шахсларни аниқлаш йўлидаги сиёсатнинг дастлабки натижасидир. Янги бўлим ташкил этилиши маъмурият қонуний мақомга эга, аммо шунга муносиб бўлмаган хорижликларни аниқлаш ва уларни мамлакатдан чиқаришга жиддий киришганини англатади. Натижада кўп йилдан бери мамлакатда яшаётган минглаб одам мақоми хавфсиз эмаслигидан хавотир ола бошлаган.
Трамп маъмурияти бундай текширувни зарур, деб ҳисобламоқда. Расмийлар фикрича, Жо Байден даврида иммигрантларни текшириш тизими етарлича қатъий бўлмаган. Шунга қарамай, бу сиёсат ҳукуматда ишлаган, ҳар икки етакчи партияга мансуб айрим собиқ миллий хавфсизлик амалдорлари томонидан танқид қилиняпти. Яъни, сарфланаётган ресурсга нисбатан натижа жуда кам. Зеро, текширилган “омадли карта” соҳибларининг тахминан 2 фоизигина депортация қилиниши мумкин бўлган шахс сифатида баҳоланган.
Қўшма Штатлар фуқаролик ва имиграция хизмати вакили Зач Калер айтишича, агентлик Америка фуқароларини яхшироқ ҳимоя қилиш ва асосий вазифани самарали бажариш мақсадида мазкур тузилмавий ўзгариш орқали фаолиятини ривожлантирмоқда.
Маликабону Абдуҳошимова, ЎзА