Ғозғон энг ривожланган ҳудудга айланади
Ғозғон шаҳри Навоий вилоятида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган энг кенжа ҳудуд саналади. Шаҳар мақоми берилиб тузилмалар фаолияти йўлга қўйилганига бир йил бўлди.
Ўтган давр мобайнида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида ЎзА мухбири шаҳар ҳокими Азим Базаров билан суҳбатлашди.
– Ғозғон шаҳрининг инвестиция салоҳияти бошқа туман ва шаҳарларга қараганда анча юқори. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Шаҳардаги 4 та маҳаллада 8 минг 834 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди Азим Базаров. – 2 та маҳалла чорвачиликка, 2 таси кичик ишлаб чиқариш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган. Шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2021 йилда умумий қиймати 195 миллиард сўмлик 52 та лойиҳа ишга туширилди. Бу 329 та янги иш ўрни яратиш имконини берди.
Президентимизнинг 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Ғозғон шаҳрида табиий тошларни қазиш ва қайта ишлаш бўйича берган топшириғига асосан, банк кўмагида 37 гектар ер майдонида маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда йирик кластер лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2020-2022 йиллар учун маҳаллий тадбиркор ва хорижий инвесторлар иштирокида қиймати 56,4 миллион доллар бўлган 17 та лойиҳа ишлаб чиқилди.Шу кунгача мазкур лойиҳаларнинг 11 таси ишга туширилди. Барча лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 635 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, 2021 йил январь-сентябрь ойларида 1 миллион доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритишни режалаштирган эдик. Амалда эса бу кўрсаткич 2,9 миллион долларни ташкил этди. Шу билан бирга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратганмиз. Бу йўналишда 838,6 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
– Ҳудудда тадбиркорлик суъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Бугунги кунда рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари – 247 та ва якка тартибдаги тадбиркорлар – 51 тани ташкил этади. 2021 йилнинг ўтган даврида 111 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Аҳоли тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган дастур доирасида 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 328 та аҳоли ва тадбиркорларга жами 7 миллиард 212,1 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
[gallery-4703]
Жумладан, "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида 5 миллиард 096,1 миллион сўм, "Yoshlar kelajagimiz" дастури доирасида 269,3 миллион сўм, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард 459 миллион сўм, Маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги жамғармалар ҳисобидан 230 миллион сўм ва Ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 157,6 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди.
– Шаҳарда аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталсангиз?
– Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ишсизликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашдир. Ғозғон шаҳрида доимий яшовчи аҳоли 8,8 минг нафарни, меҳнат ресурслари 3 минг 895 нафарни, шундан, иқтисодий фаол аҳоли 2 028 нафар (иш билан бандлар 1 850 нафарни, меҳнатга муҳтож ишсизлар 178 нафарни ёки 8,8 фоиз)ни ташкил этади.
Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 76 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 2021 йилда шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ишга жойлаштиришда ёрдам сўраб 588 нафар шахс мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 201 нафарини ёшлар, 329 нафарини эса аёллар ташкил этган.
Мурожаат қилганларнинг 260 нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 225 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 150 нафари касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилиб, 194 нафар шахсга эса ишсизлик нафақаси тайинланди.
Шунингдек, ўтган йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 118,7 миллион сўмлик субсидиялар берилди, натижада жами 27 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 50 нафар ишсиз хотин-қиз ҳунармандчилик йўналишида ташкил этилган кооперативга жалб этилиб, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 122,5 миллион сўм субсидиялар ажратилди.
Шаҳарда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида фуқароларни норасмий банд қилиб, меҳнат ҳақи тўлаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш, уларнинг фаолияти ва тегишли ишчи-ходимларини легаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар бегиланиб, амалда 300 та норасмий иш ўрни легаллаштирилди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан норасмий банд бўлган 283 фуқаронинг ўзини-ўзи бандлиги таъминланди.
– Шаҳарда камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни мазкур тоифадан чиқариш борасида қандай чора-тадбирлар белгиланган?
– Секторларда фаолият юритаётган “камбағалчиликни қисқартириш штаби” аъзолари, депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда шаҳар ҳудудида камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити ўрганилиб, 64 та оила “Темир дафтар”га киритилди. “Темир дафтар”даги ижтимоий ҳимояга муҳтож 52 та оилага 29,4 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Бугунги кунгача, ишга муҳтож фуқаронинг 29 нафарига 3,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилган бўлса, 6 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилди, 35 нафар фуқаро томорқа ерларида ўзини ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланди.
Шунингдек, Ғозғон шаҳрида сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида 22 та корхона ва 53 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда 105 нафар аҳолининг иш билан бандлиги таъминланган. Ҳудудда хизматлар ҳажми 2021 йилнинг 9 ойида 25 миллиард сўмни, аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 3 миллион сўмни ташкил этмоқда.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев суҳбатлашди.
Сирож Аслонов (сурат).