Ғўза қатор ораларига зира экиш тажрибаси ўрганилмоқда (+видео)
Ғўза қатор ораларига зира экиш тажрибаси Хоразм вилоятида яхши самара берди. Бу амалиёт давом этадими? Соҳа мутахассисидан бу борада аниқ жавоб олдик.
Республикамиз аҳолиси сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, илм билан амалиётни уйғун ҳолда олиб бориб, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш ва мўл ҳосил етиштириш масаласини кун тартибига қўяди.
Жумладан, Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида илк бор зирани ғўза орасига экилиши ҳам ана шу мақсадларга қаратилгандир. Хўш, бу тажрибани бошқа вилоятларда ҳам қўлласа бўладими? Ғўза ҳосилига ушбу ўсимлик салбий таъсир кўрсатмадими? Бир йилда қанча ҳосил олиш мумкин? Ушбу саволларга Республика уруғчилик маркази бўлим бошлиғи Шерали Мансуровдан жавоб олдик.
- Айтингчи ғўза ораларига зира экиш қанчалик самарали?
- Барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам катта янгиликлар, инновацион технологиялар жорий этиб бориляпти. Бу йил тажриба-синов тариқасида республикамизда 1.5 минг гектар майдонда зира ўсимлиги ғўза қатор ораларига экилди. Яъни, Ҳиндистондан келтирилган юқори авлодли зира уруғи ерга қадалиб, дастлабки ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари амалга ошириляпти. Куни кеча Хоразм вилоятида бўлдик. Янгибозор туманида ғўза қатор ораларига экилган зира майдонлари ҳосилдорлигини кўрсатди. Юқори сифатли зира маҳсулотлари йиғиштириб олинди. Ғўза қатор ораларига экилган ҳосилдан гектарига ўртача 500 килограмм олишга эришилди. Бу агротехник тадбирларга ҳам боғлик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qbT_uANYaQk" title="G‘o‘za qator oralariga zira ekish tajribasi o‘rganilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА