Гонконг бош ижрочи раҳбари IT Park Uzbekistan фаолияти билан танишди
Хитой Халқ Республикасининг Гонконг Махсус Маъмурий Ҳудуди бош ижрочи раҳбари Жон Ли Ка-чю бошчилигидаги бизнес-делегация Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида IT Park Uzbekistan’га ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонларга IT Park Uzbekistan фаолияти, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IT хизматлари экспортини кенгайтириш, халқаро технология компанияларини жалб қилиш ва стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди. Шунингдек, IT Visa ва Zero Risk дастурлари, хорижий компаниялар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Делегация аъзоларига рақамли давлат хизматлари ва электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш бўйича лойиҳалар, жумладан, UZINFOCOM фаолияти, DMED, MyID биометрик идентификация тизими ва MyGov ягона интерактив давлат хизматлари платформаси имкониятлари ҳам таништирилди.
Шундан сўнг «Гонконг ва Ўзбекистон ўртасида инновациялар ва технологиялар соҳасидаги тараққиёт ҳамда ҳамкорлик имкониятлари» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Унда рақамли трансформация, сунъий интеллект, стартапларни қўллаб-қувватлаш, венчур инвестициялар ва халқаро бозорларга чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, замонавий рақамли экотизимни шакллантириш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ҳам тақдим этилди.

Жон Ли Ка-чю Ўзбекистоннинг рақамли соҳада қисқа вақт ичида эришган натижаларини юқори баҳолаб, «Digital Uzbekistan – 2030» стратегияси рақамли тараққиёт учун муҳим асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. У рақамли Ипак йўлини шакллантиришда икки томонлама ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Томонлар стартапларни ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш, венчур молиялаштириш, технологик парклар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва стартаплар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар, инновациялар, стартаплар ва инвестициялар соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликлари билдирилди.
Ташриф Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА