Ғолибларга қарийб 600 миллион сўмдан бериладиган танлов жараёни қизғин тус олди
Айни кунларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Йил ўқитувчиси” танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтяпти.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, танловда бутун республика бўйича 624 нафар (ҳар бир туман (шаҳар)дан 3 нафардан) педагог ўзаро куч синашмоқда.
Синов шартлари жуда оддий ва ўз ўрнида мураккаб ҳам. Унда номзодлар ўз фани бўйича дарс ўтади ҳамда кимнинг дарсларни ўтиш, ўқувчилар билан ишлаш, уларни дарсга қизиқтириш маҳорати энг юқори баҳоланса, ўша устозлар кейинги босқичда қатнашади.
Қайд этилишича, олдинда яна бир (учинчи) синов шарти бор ва ундан ўтган 208 туман (шаҳар)дан бир нафардан ўқитувчи қарийб 600 миллион пул соҳибига айланади.
Иккинчи босқич синовларини ҳакамлар ҳайъати билан биргаликда номзод истиқомат қилувчи туман (шаҳар)да фаолият юритаётган педагоглар ҳам овоз бериш йўли орқали баҳолаб боради.
Бунда ҳакамлар 60 баллик тизим асосида, овоз берувчи ўқитувчилар эса 40 баллик тизимда баҳолайди.
Дарс ўтиш жараёнлари (45 дақиқалик) узлуксиз, тўлиқ ва монтажсиз тарзда видеокамерага ёзиб олиниб, pedagog.uzedu.uz платформасига жойланади. Ундан кейин шу платформа орқали овоз бериш бўлиб ўтади.
Шу тариқа ҳакамлар ҳайъати ва педагоглар томонидан берилган баллар асосида номзоднинг умумий натижаси шакллантирилади.
Иккинчи босқич якунларига кўра, ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 2 нафар номзод танловнинг учинчи босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА