Ғолиблар тантанали кутиб олинди
Колумбияда 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари учун ҳар жиҳатдан омадли кечди.
Дунёнинг 40 та мамлакатидан 340 нафар ёш шахматчилардан ташкил топган 85 та жамоа иштирокидаги мусобақаларда 7 та ғалаба, 2 та дуранг қайд этиб, ўсмирлар олимпиадасининг кумуш медалига эга чиққан истеъдодли шахматчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Кутиб олиш маросимида иштирок этган спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг ўринбосари Комил Синдоров, кенг жамоатчилик вакиллари Колумбия баҳслари ўзбек шахматининг ёрқин вакиллари камолга етаётганини, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори йилдан-йилга юксалиб бораётганини таъкидлашди.

Олимпиада ўйинлари сарҳисобига кўра, мусобақани 1-тахтада ўтказган терма жамоамиз аъзоси Муҳаммадзоҳид Суяров рақиблари орасида 2-ўринни, Ҳумоюн Бекмуродов 2-тахтада 2-ўринни эгаллади. Афруза Ҳамдамова ва Асроржон Омоновлар муваффақиятга муносиб ҳисса қўшди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик шодиёналари остонасида янгиланган таркибдаги терма жамоамиз Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ўзбек шахматининг ғолиблик анъаналари бардавом эканини яна бир карра намойиш этди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА