Глобаллашув жараёнида уйғоқ нигоҳ зарур
Самарқандда давом этаётган “Ўзбекистон – ўз-ўзимизники” шиори остидаги “Маърифат ҳафталиги” ижтимоий-маърифий лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирларда жамиятнинг маънавий салоҳиятини оширишга, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳамда аҳолига ҳар қандай тараққиётнинг асоси илм-маърифатда эканлигини уқтиришга қаратилмоқда.
Оддий турмуш тарзимизга эътибор берайлик. Кеча қандай эдию, бугун нималар ўзгарди! Ота-боболари ҳали ҳам қўрқиб фойдаланаётган телефонни бугун энди тетапоя қилаётган гўдак ҳам ишлата оляпти. Ахборот маданияти ҳали шаклланиб улгурмаган болаларнинг қўлида ҳам замонавий смартфонларнинг борлиги уларни ҳеч қандай ҳимоясиз “жанггоҳга” кириши билан баробар. Шунинг учун ҳам глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш, маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, ёш авлодни соғлом дунёқараш ва мустақил фикр асосида тарбиялаш энг муҳим масалага, давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланмоқда. Аслида ҳам мамлакат тараққиёти фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, аввало, жамиятнинг маънавий салоҳияти, инсонларнинг билим ва тафаккури, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ҳам белгиланади.
Тарғибот тадбирлари юртимизнинг етакчи олимлари, зиёлилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлардан иборат маърифатпарварлар томонидан ўтказилмоқда.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида ўтказилган “Порлоқ идрок” лойиҳаси доирасида тарғибот гуруҳи аъзолари миллий ва умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик, ахборот маданияти, интернетдан оқилона фойдаланиш, зарарли ғоявий таъсирларга қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш борасидаги долзарб мавзу бўйича талабалар билан мулоқот ўтказди.
– Ҳар қандай тараққиёт, оламшумул кашфиётларнинг асосини илм-маърифат ташкил қилади, – дейди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Бектош Бердиев. – Бу ҳақиқатни бундан неча асрлар олдин улуғ мутафаккир боболаримиз ўз асарларида қайд этиб ўтган. Бу ҳақиқатга амал қилган давлатлар бугун ривожланишнинг юксак чўққисига эришмоқда. Кўп узоққа бормайлик, бугун бизнинг яқин ҳамкорларимиздан Хитойни олиб қарайлик. Ҳар бир соҳанинг ривожланиш асоси илм эканлигини бош мақсад деб билган хитойликлар бугунги глобаллашув даврида ҳар жиҳатдан юксак тараққий этаётган мамлакатга айланди. Неча миллионлаб камбағал аҳолини қашшоқликдан чиқаришга эришди. Ҳаммаси илм-маърифатга бўлган муносабат асосида вужудга келди. Хитойга ташрифимиз давомида ўз кўзим билан кўриб, ҳақиқатда хитойликлар жон-жаҳди билан илм олаётганига гувоҳ бўлдим. Жамоат транспортида кетаётганимизда бир бекатдан йигирматача мактаб ўқувчиси чиқди. Ҳаммасини қўлида китоб, дафтар ва метрода ҳам улар ўқиш, ёзишини давом эттириб кетди. Бизда-чи?! Автобус ёки метрога чиқсангиз ёшу қари телефонга тикилган. Бирор фойдали иш бўлса майли, аммо, кўпчилик шунчаки ижтимоий тармоқлар кузатувчиси, холос. Айнан мана шу жараён одамлардаги бефарқлик, лоқайдликни келтириб чиқармоқда. Энг ёмони, телефонга тикилган авлод илм олишдек зиммасидаги юксак масъулиятни унутиб қўймоқда. Шундай экан, ҳафталигимизнинг бош мақсади илм-маърифатга бўлган муносабатимизни ўзгартириб, ёш авлодни билим олишга тарғиб қилишимиз лозим. Илмли, маърифатли жамият ҳеч қачон ёт таъсирларга учрамайди ва тараққиёт йўлидан оғишмайди.
[gallery-32596]
Учрашув давомида бугунги глобаллашув жараёнида ёшлар орасида дин тарғиботини ниқоб қилган экстремистик руҳдаги ахборот хуружларидан ҳимояланиш, ислом динининг асл моҳиятини англаш, миллатлараро тотувлик тамойилларига амал қилиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Санъаткорлар томонидан юртни, ҳамжиҳатликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янграб, барча бирдамликка чорланди.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари