Глобал таълим ва умуминсоний қадриятлар
Таълим миллатнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий қиёфасини белгиловчи муҳим майдон вазифасини ўтайди. Президентимизнинг соҳага оид тегишли фармон ва қарорлари мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаб бермоқда.
Шу мақсадда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташаббуси билан ташкил этилган “Глобал таълим ва умуминсоний қадриятлар: муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бугунги кунда таълим тизимида кузатилаётган долзарб муаммоларни ўртага ташлади.
Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва республикамиз олий таълим ташкилотлари, академик бошқарув органларидан 100 дан ортиқ тажрибали олимлар ва ёшлар иштироки масаланинг нафақат минтақавий, балки халқаро аҳамиятга эга эканидан далолат беради.
[gallery-29093]
Илмий-амалий анжуман таҳлили натижаларига кўра, таълимда рақобатбардошликка эришиш учун фақат технологик устунликнинг ўзи етарли эмас. Анжуман иштирокчилари томонидан таълим жараёнларига халқаро стандартларни жорий этишда миллий менталитет ва қадриятларни сақлаб қолишнинг илмий асосланган моделларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу халқаро анжуман доирасида ишлаб чиқилган тавсиялар ва чоп этилган илмий мақолалар тўплами Ўзбекистон олий таълим тизимини жаҳон даражасига олиб чиқишда, ёшларни ватанпарвар ва юксак маънавиятли шахс сифатида камол топтиришда муҳим дастуриламал бўлади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Аслиддин Алижонов (сурат)
ЎзА