Глобал қутблашув даврида конструктив дипломатия: ШҲТни геоиқтисодий драйверга айлантириш истиқболлари
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган Давлат раҳбарлари кенгаши саммити жаҳон сиёсатида туб ўзгаришлар кечаётган тарихий паллада бўлиб ўтди.
Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги кескинлашиб, геосиёсий қутблашув кучайган ва Яқин Шарқдаги кескинлик фонида халқаро ҳуқуқ нормалари емирилаётган мураккаб шароитда ташкилот олдида муҳим танлов турибди: ШҲТ шунчаки мулоқот майдони бўлиб қоладими ёки улкан маконнинг умумий тараққиётини таъминловчи қудратли геоиқтисодий драйверга айланадими? Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммитдаги дастурий нутқи айнан шу фундаментал саволга аниқ жавоб бўлди. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё ШҲТнинг географик ва стратегик ўзаги эканини алоҳида қайд этар экан, ташкилотнинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар платформа сифатидаги моҳиятини янги босқичга олиб чиқувчи, узоқ муддатга мўлжалланган ташаббуслар пакетини илгари сурди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган марказий концептуал ташаббус — “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” қараши ташкилотнинг келгуси ўн беш йиллик стратегик векторини белгилаб берди. Мазкур концепциянинг бош ғояси инвестициялар, илғор технологиялар ва билимларнинг эркин айланишини таъминлаш, йирик инфратузилма лойиҳалари орқали ҳудудлар, бизнес ва фуқаролар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилот самарадорлигининг бош кўрсаткичи экани таъкидланган нутқда бугунги кунда Ўзбекистонда ШҲТ мамлакатлари билан биргаликда 1,5 мингдан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилаётгани амалий далил сифатида келтирилди. Бундай юқори суръатни изчил давом эттириш мақсадида махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш тармоқлари, сотув бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган “ШҲТ Саноат кооперацияси харитаси”ни яратиш ташаббуси илгари сурилди. Бу таклиф саноат тармоқларида кўп томонлама қўшилган қиймат занжирларини барпо этиш ва бизнес учун универсал рақамли дарча очиш имконини беради.
Иқтисодий ташаббусларни молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон етакчиси узоқ йиллардан буён кечиктириб келинаётган масалага қатъий тўхталиб, умумий тамойилларни келишиш босқичидан ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга туширишга ўтиш вақти келганини қайд этди. Мазкур молиявий институт шунчаки рамзий тузилма эмас, балки транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги умумминтақавий аҳамиятга эга, амалга оширишга тайёр аниқ инвестициявий лойиҳалар портфелига таяниши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу ёндашув ташкилот доирасидаги молиявий ресурсларни тўғридан-тўғри умумий фаровонликни оширувчи инфратузилма лойиҳаларига сафарбар қилишга йўл очади.
Замонавий технологиялар ва рақамли келажакни шакллантириш масаласи нутқнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини тузиш тўғрисидаги таклифини олқишлаган ҳолда, Ўзбекистон Президенти ШҲТ ушбу янги технологик альянснинг биринчи ҳамкорлари сафида бўлиши кераклигини билдирди. Бу борада амалий қадам сифатида ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини яратиш ғояси илгари сурилди ҳамда келаси йили Тошкентда ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказиш таклиф этилди. Бу ташаббус минтақа мамлакатларининг технологик имкониятларини бирлаштириш ва сунъий интеллект асрида рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган стратегик қадамдир.
Иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган глобал хавф-хатарлар бугун озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлиги билан узвий боғлиқ ягона мураккаб тизимни ҳосил қилмоқда. Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев бу борада тарқоқ эмас, балки комплекс дастурлар ва илғор билимлар алмашинувини мувофиқлаштирадиган ихтисослашган ШҲТ механизмини тузиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, 2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу экологик таҳдидлар кучайиб бораётган маконда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор ривожланишни кафолатлашга қаратилган прагматик ечимдир.
Транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш йўналишида ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этиш ташаббуси билдирилди. Логистика инфратузилмасини мувофиқлаштириш ва миллий транспорт тизимларининг “чоксиз” ўзаро боғланишини таъминлаш ушбу кенгашнинг бош вазифаси этиб белгиланди. Қитъанинг транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган мазкур тузилма транспорт йўлаклари самарадорлигини ошириб, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада жадаллаштиради.
Хавфсизлик соҳасида Тошкент шаҳрида Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, Афғонистондаги вазият бўйича қатъий позиция билдирилиб, ушбу қўшни давлатни минтақавий яратувчан жараёнларга интеграция қилиш зарурлиги, бунинг учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш фурсати етгани таъкидланди. Маданий-гуманитар йўналишда эса халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида 2028–2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастури илгари сурилди.
Ўзбекистон Президентининг мазкур саммитдаги чиқиши Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги очиқ, масъулиятли ва стратегик ташаббускорлик тамойилларини яна бир карра яққол намоён этди. Таклиф этилган барча ғоялар нафақат мамлакатимизнинг миллий манфаатларига, балки бутун ШҲТ маконида тинчлик, ишонч, ўзаро ҳурмат ва умумий тараққиётни таъминлашдек олий мақсадларга тўлиқ хизмат қилади.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА