Ғиждувонлик пиллакорларнинг шашти баланд
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги пиллахоналарда “кумуш тола” ни қабул қилиш бошланди.
–Бир ой бурун бир қути ипак қурти ва 500 минг сўм аванс пули тариқасидаги рағбатлантиришни олиб, парваришни бошлаган эдик, – дейди илғор пиллакорлардан бири “Гулистонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Лазизбек Равшанов. – Мана, “қозонда бори чўмичга чиқди”, 60 килограмм ўрнига 78 килограмм ҳосил етиштирганимиздан мамнунмиз. Тарози бошида режадан ошиқча бажарган 18 кило пилланинг ҳар килоси учун 40 минг сўмдан, 720 минг сўм мукофот пулини ҳам олдик.


Айни пайтда барча туман пиллахоналарида худди шундай гавжум манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Зеро, жорий йилги пиллачилик мавсумида вилоятда фаолият юритаётган “кумуш тола” етиштирувчи хўжаликлар билан бирга, қайта ишловчи корхоналарда бандлиги таъминланадиган ишчи-хизматчи сони доимий тартибда қарийб 5 минг 400 нафарни ташкил этаётган бўлса, мавсумий 107 минг нафардан кам бўлмаслиги ҳам тармоқ ривожига қаратилаётган эътибор ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги натижасидир.
Зариф Комилов, ЎзА