Ғиждувон кулолчилиги — миллий мерос
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманига хос бўлган машҳур “Ғиждувон кулолчилик буюмлари”нинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши миллий ҳунармандчилик санъати тарихида муҳим воқеа бўлди. Бу нафақат қадимий кулолчилик мактабининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлайди, балки унинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Азалдан ҳунармандчилик марказларидан бири сифатида танилган Ғиждувон кулолчилик мактаби ўзининг ноёб услуби, бетакрор нақшлари ва табиий хомашёлардан фойдаланишга асосланган анъанавий технологиялари билан алоҳида аҳамият касб этади. Асрлар давомида шаклланган бу мактаб нафақат амалий санъат намунаси, балки халқнинг эстетик диди, маънавий қарашлари ва бой маданий меросининг ёрқин ифодасидир.

Ғиждувон кулоллари томонидан яратиладиган буюмлар табиий соф тупроқ, маҳаллий рангли гиллар, табиий бўёқлар ва ишқор сиридан тайёрланиши билан қадрланади. Ана шу табиийлик ҳар бир маҳсулотга ўзига хос жило ва мустаҳкамлик бағишлайди. Айниқса, оч яшил, жигарранг ва кўк ранглар уйғунлигида яратилган кулолчилик асарлари миллий нақшлар билан безатилиб, ўзбек амалий санъатининг бетакрор намунаси сифатида эътироф этилади.

Ушбу мактабга хос “Меҳроби”, “Паррагул”, “Мадоҳил”, “Лўндагул”, “Гули бодом” ва “Лолагул” каби анъанавий нақшлар асрлар оша сайқалланиб келган бадиий мерос ҳисобланади. Бугунги кунда 60 га яқин маҳсулот турлари ва 300 дан ортиқ барқарор нақш композициялари авлоддан-авлодга ўтиб, миллий қадриятларимизнинг узвий қисмига айланган.

Ғиждувон кулолчилик санъатининг яна бир муҳим жиҳати — унинг устоз-шогирд анъаналари асосида сақланиб келаётганидир. Уч асрлик тарихга эга Нарзуллаевлар сулоласи вакиллари бугун ҳам ушбу қадимий мактаб анъаналарини муносиб давом эттириб, миллий ҳунармандчиликни янги авлодга етказмоқда. Уларнинг меҳнати туфайли Ғиждувон кулолчилиги нафақат юртимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилмоқда.

“Ғиждувон кулолчилик буюмлари”нинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши мазкур маҳсулот номи, унинг келиб чиқиши, тайёрлаш усули ва тарихий анъаналарининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди. Шу билан бирга, бу миллий брендни халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва маданий туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Қадим анъаналар ва замонавий эҳтиёжлар уйғунлашган Ғиждувон кулолчилик мактаби бу нафақат ҳунар, балки миллат руҳи, тарих ва санъатнинг жонли ифодасидир. Унинг ҳар бир намунасида аждодлар тафаккури, меҳнати ва нафосатга бўлган юксак эҳтироми мужассам.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири