Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Урганч шаҳрида Хоразм вилояти божхона бошқармасининг “Контрабандага қарши курашиш” бўлими ҳамда вилоят ДХХ ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Гурлан туманида яшовчи фуқарога тегишли “Дамас” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Текширув жараёнида транспорт воситасининг яширин қисмида докага ўралган ҳолда сақланган салкам 50 грамм "гашиш" гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, мазкур транспорт воситаси Гурлан туманидан Урганч шаҳригача ҳайдовчининг таниши томонидан бошқариб келинган ва гиёҳвандлик воситаси айнан ўша шахсга тегишли бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда эслатма, транспорт воситасида аниқланган ноқонуний юк учун унинг эгаси ҳам қонун доирасида жавобгар бўлиши мумкин. Огоҳ бўлинг, зеро огоҳлик давр талаби. Бир лаҳзалик ишонч ортидан оғир оқибатларга дуч келманг.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА