Гиёҳвандлик – аср вабоси
26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
Тошкент шаҳар Реабилитация марказида “Гиёҳвандлик – аср вабоси” номли давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар, маҳаллалардаги фаол хотин-қизлар ва фаоллар иштирок этди.
Суҳбат ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар бўйича муаммоларини тизимли ҳал этиш ва аҳолини ҳуқуқий онги ҳамда саводхонлигини ошириб бориш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси П.Закирова юртимиз мустақилликка эришганининг дастлабки кунларидан бошлаб, наркотик моддаларнинг ғайриқонуний айланиши ва унинг истеъмолига қарши кураш бошланганлиги, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солаётган бир қатор ички ва ташқи омилларга: кашандалик, одам савдоси, диний экстремизм, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликлар кириши ва бу иллатнинг олдини олиш учун кўплаб амалий ишлар бўлаётганини таъкидлади. Гиёҳванд ўз эҳтиёжини қондириш учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Наркотик моддалар истеъмол қилганлар оиласида туғма ногирон, майиб-мажруҳ, ақли заиф, нуқсони бор болалар дунёга келмоқда. Демак, гиёҳвандлик жамиятга ниҳоятда катта маънавий ва моддий зарар етказади.

Гиёҳвандликка қарши кураш бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ёки маҳалла фаолларининг иши эмас балки, барчамиз учун, ўзини шу жамиятнинг аъзосиман, деган ҳар бир инсоннинг энг долзарб фуқаролик вазифаларидан бири бўлиши лозим.
Йиғилишда сўз олганлар 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Миллий ахборот- таҳлил марказининг ташкил этилиши, 1999 йилда эса “Наркотик воситалар ва психотроп моддалар” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилинганлиги, Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича бир нечта меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганига қарамасдан бу иллат кўпайиб бораётгани ҳақида гапирди.
26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни, деб эълон қилиниши ҳам бекорга эмас. Олий ўқув юртлари, мактаб ва бошқа ўқув муассасаларида барча соҳа вакиллари ҳамкорлигида тадбирлар ўтказилиб, ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Суҳбат давомида Чилонзор тумани ҳудудида содир этилган жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар ҳамда фуқаровий ва оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ҳақида маъруза қилиниб, гиёҳвандликка чек қўйиш, гиёҳвандликка ружу қўйган аёллар билан ишлаш борасида тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Хотин-қизлар томонидан спиртли ичимликларга ружу қўйиш, гиёҳвандлик, фоҳишабозлик кўчасига кирганларнинг ҳаёти ҳақида ўрганилган ишлар бўйича маълумотлар берилди. “Гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари”га бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Давра суҳбати жараёнида гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик, фоҳишалик билан шуғулланаётган аёлларнинг ҳаётидаги аянчли ҳолатлар таҳлил қилинди. Барча маҳаллаларда аёлларнинг муаммолари ва уларни қийнаётган масалалар кўриб чиқилиши ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб бориш белгиланди. Шунингдек, жиноят йўлига кириб жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатлик. Уни асраш керак.
Шоира Эрматова,
Судьялар Олий мактаби магистранти.
ЎзА