Ғилон олмалари: тоғ бағрида яратилган барака
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани тоғлари бағрида жойлашган Ғилон қишлоғига кириб борган киши аввало унинг сўлим табиати, мусаффо ҳавоси ва зилол сувли булоқларига эътибор қаратади. Бироқ бу ҳудуднинг яна бир ўзига хос жиҳати бор: тоғ ёнбағирларидаги ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, боғ яратаётган аҳоли меҳнати.
Бу ерда деҳқончиликнинг, айниқса, боғдорчиликнинг ўзига хос анъаналари шаклланган. Ғилон олмаси эса бу ҳудудда етиштириладиган маҳсулотлар орасида алоҳида ўрин тутади. Табиий шароит, сув ва боғбоннинг йил бўйи давом этадиган меҳнати бирлашиб, харидор излайдиган ширин ва хуштаъм мева етиштириш имконини бермоқда.
Ҳозир қишлоқда олма ҳосилини йиғиштириш авжида. Эрта баҳордан бошланган меҳнатнинг натижаси энди кўзга кўринади. Боғларда дарахтлар мевага тўла. Айрим хонадонларда эса ҳосилни йиғиштириш билан бирга уни харидорга етказиш ишлари ҳам бошланган.
Ғилонлик боғбон Нажмиддин Нуриддиновнинг 12 сотих олмазори бор. Унда Крипсон ва Голдин навларига мансуб 35 туп олма дарахти парваришланмоқда. Дарахтлар 4х4 метр схемада экилган. Ердан янада самарали фойдаланиш мақсадида улар оралиғига нок кўчатлари ҳам ўтқазилган.
– Меҳнатимизга яраша мевасини беради, – дейди Н.Нуриддинов. – 12 сотих боғдан мавсумга қараб 2-2,5 тонна ҳосил оламиз. Албатта, бу баҳорнинг қандай келишига ҳам боғлиқ. Дўл уриб кетса, ҳосил зарар кўриши мумкин. Шунинг учун эрта баҳордан боғни парваришлашга киришамиз. Дарахтларнинг тагига ишлов берамиз, шакл берамиз, маҳаллий ўғитлар соламиз, дорилаймиз. Ёз бўйи иш тўхтамайди.
[gallery-31811]
Ғилонда боғдорчиликнинг машаққати ҳам шундан. Тоғ бағридаги ернинг катта қисми тошлоқ. Шу боис оддий текисликдаги каби кўчат ўтқазиб, ҳосил кутишнинг ўзи етарли эмас. Боғбонлар аввало ерни тайёрлайди, зарур жойларга тупроқ ташийди, кейин кўчат ўтқазиб, уни йиллар давомида парвариш қилади.
Бу меҳнатни Нажмиддин Нуриддинов ҳам оила аъзолари билан бирга бажаради. Яъни Ғилондаги боғдорчилик нафақат даромад манбаи, балки хонадон аъзоларини бир мақсад атрофида бирлаштирадиган оилавий меҳнат мактаби ҳамдир.
– Еримизнинг асосий қисми тошлоқ. Унинг устига тупроқ ташиб боғ яратамиз. Меҳнати оғир. Лекин сув ва об-ҳаво жуда ажойиб. Шунинг эвазига олмаларимизнинг таъми ўзгача, – дейди боғбон.
Дарҳақиқат, Ғилоннинг табиий шароити мевачилик учун муҳим омиллардан бири. Тоғ ҳавосининг салқинлиги, булоқ ва чашмаларнинг кўплиги, сувнинг мусаффолиги ҳудудда етиштириладиган маҳсулот сифатига ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Ғилон маҳалласи раиси Шарофиддин Ҳақназаровнинг таъкидлашича, қишлоқдаги деярли ҳар бир хонадонда мевали боғ бор.
– Ҳудудимизда 5 минг 530 нафар аҳоли яшайди, 1 минг 268 та хонадон бор. Уларнинг ҳар бирининг томорқасида мевали боғи мавжуд. Ҳозир ҳосилни йиғиштириш авжи. Кимни қидирманг, боғидан топасиз. Харидорларнинг ўзи ҳам шу ерга келиб, маҳсулотни олиб кетяпти, – дейди маҳалла раиси.
Бу рақамлар Ғилонда боғдорчилик айрим хонадонларга хос машғулот эмаслигини кўрсатади. У қишлоқ аҳолисининг кундалик меҳнати ва турмуш тарзига сингиб кетган хўжалик йўналишига айланган. Бир томорқада бир неча ўн туп дарахт бўлса, бошқа хонадонда ундан ҳам каттароқ боғ барпо этилган. Ҳар бир хонадон ўз имкониятидан келиб чиқиб, мавжуд ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Ғилонликлар фақат олма етиштириш билан чекланиб қолмаган. Маҳаллада картошкачилик ҳам яхши ривожланган. Демак, тоғ ҳудудидаги деҳқончиликнинг ўзига хос модели шаклланган: бир томонда боғдорчилик, иккинчи томонда картошкачилик, ҳар иккисида эса оилавий меҳнат асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, маҳсулотнинг бозорга чиқарилишида ҳам ҳудуднинг номи муайян аҳамият касб этмоқда. Харидорнинг боғнинг ўзига келиб маҳсулотни олиб кетиши ортиқча воситачилик харажатларини камайтириб, боғбон учун қулайлик яратади. Бу эса ҳосилни етиштириш билан бирга уни сотиш масаласи ҳам йўлга қўйилаётганини англатади.
Ғилон мисолида яна бир жиҳат кўзга ташланади: тоғ ҳудудида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фақат катта майдонлар ёки йирик хўжаликлар ҳисобига эмас, балки хонадонлар томорқасидан самарали фойдаланиш орқали ҳам иқтисодий фаолликни ошириш имконини беради.
12 сотихлик олмазордан 2-2,5 тонна ҳосил олиш имконияти эса томорқа ерларининг иқтисодий салоҳиятини яққол кўрсатади. Албатта, бунда ҳосилдорлик об-ҳаво, сув таъминоти, нав, агротехника ва парваришга бевосита боғлиқ. Аммо Ғилон тажрибаси табиий имкониятдан оқилона фойдаланиш ва унга меҳнатни қўшиш орқали тоғ ҳудудларида ҳам самарали боғдорчиликни йўлга қўйиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бугун Ғилон боғларидаги олмалар териб олинмоқда. Эрта баҳорда эса бу дарахтлар яна гуллайди. Боғбонлар яна ерга ишлов беради, шохларга шакл беради, ўғитлайди, дорилайди. Яъни бугунги ҳосил – бир мавсумлик меҳнат эмас, йил давомидаги машаққатли ишнинг натижаси.
Тоғ бағридаги Ғилоннинг табиий неъматлари боғбон меҳнати билан қўшилганида эса оддий бир олма эмас, ҳудуднинг ўзига хос таъми ва меҳнат самарасини ўзида мужассам этган маҳсулот дунёга келади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари